Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Малайзия транспорт вазири Лок Сю Фук билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида транспорт соҳасида ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Жумладан, авиақатновлар ва темирйўл йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Хориж томони Малайзиянинг Batik Air авиакомпанияси томонидан жорий йилнинг ноябридан Куала-Лумпур – Тошкент – Куала-Лумпур йўналишида ҳафтасига уч марта амалга оширилиши режалаштирилган авиақатновларни олқишлади.
Малайзия транспорт вазири икки давлатни темирйўл орқали боғловчи коридорларни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, мазкур йўналишда ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадга мувофиқлигини билдирди.
«Иккала давлатни темирйўл орқали боғлайдиган ушбу маршрут ягона транспорт коридори ҳисобланади. Ушбу йўналиш ўзбек маҳсулотлари учун Малайзия Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари бозорига киришда логистика ҳаби бўлиши мумкин», деди у.
Жорий йилнинг март ойида икки давлат темирйўл коридорларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Тошкент – Чимкент (Қозоғистон) – Урумчи – Сиан – Чунцин – Кунминг (Хитой) – Лаос – Таиланд – Перлис – Кланг (Малайзия) маршрутини ўрганиш ва ундан фойдаланиш бўйича амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Учрашув якуни Batik Air ва Uzbekistan Airports ўртасидаги музокараларни жадаллаштириш ҳамда жорий йилнинг ноябр ойидан бошлаб мазкур Малайзия авиакомпаниясининг Ўзбекистон йўналишидаги авиақатновларини йўлга қўйиш, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги мутахассисларининг Малайзиянинг илғор тажрибасини ўрганиш бўйича Куала-Лумпурга ишчи сафарини ишлаб чиқиш тўғрисида келишиб олинди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!