Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2023 йил якунига қадар илғор хорижий тажриба асосида қуйидагиларга асосий эътиборни қаратган ҳолда «Аҳоли саломатлиги – 2030» миллий стратегияси ишлаб чиқади. Бу ҳақда президентнинг «Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.
Дастурни амалга оширишда халқаро ташкилотлар ва хорижий консалтинг компаниялари жалб қилинади. Бунда вазирликка қуйидаги вазифалар юклатилади:
– аҳолини максимал қамраб олган ҳолда бирламчи тиббий-санитария хизматини унга янада яқинлаштириш;
– фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини, соғлом овқатланишини ва жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларни аҳоли орасида ҳар томонлама тарғиб қилиш;
– оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг бу борадаги эҳтиёжларини қондириш;
– ихтисослашган тиббий ёрдам кўламини кенгайтириш;
– соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, қоғозбозликка, асоссиз бюрократияга ва навбатларга чек қўйиш, аҳолига тиббиёт муассасаларига мурожаат қилганида қулайликлар яратиш;
– замонавий ва самарали бошқарув усулларини жорий қилиш ва тиббий хизматлар сифатини ошириш;
– кадрлар салоҳиятини ошириш, тиббий таълим ва илм-фанни ривожлантириш;
– хусусий секторни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш ҳамда йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш;
– тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
– фармацевтика тармоғини самарали тартибга солиш.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!