Самарқандда ўтаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида Самарқандга «Маданий туризмнинг халқаро пойтахти» мақомини бериш тўғрисида декларация ҳамда Халқаро туризм академиясини ташкил этиш тўғрисида битим қабул қилинди.
Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва UNWTO бош котиби Зураби Пололикашвили томонидан имзоланди.
Аввалроқ, UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессиясининг очилиш маросимида сўзлаган нутқида Самарқанд шаҳрини Маданий туризмнинг халқаро пойтахти деб эълон қилиш тўғрисидаги ташаббус Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилгани ҳақида хабар берган эдик.
«Бу юксак мақом асрлар бўйи ўз таровати ва беқиёс меросини безавол сақлаб келаётган, бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги билан бутун дунёда шуҳрат қозонган Самарқанднинг мўътабар номига ҳар томонлама муносиб бўлар эди», — деган эди Ш.Мирзиёев.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг