Сенат раиси Танзила Норбоева ХХР маданият ва туризм вазири Ху Хэпин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, мулоқот давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни, парламентлараро мулоқотлар ва маданий-ҳуманитар алмашувларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида мамлакатлар умумий тарихини ўрганиш бўйича қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, "Ипак йўли" жамғармаси кўмагида икки давлат шаҳарлари ўртасида сайёҳлик йўлагини шакллантириш бўйича дастурни ишга тушириш ва кейинчалик унга Марказий Осиёнинг бошқа давлатларини ҳам жалб қилиш таклифи илгари сурилди.
Учрашув сўнггида Хитойда Ўзбекистон маданият кунларини ва аксинча мамлакатда Чин юрти маданият кунларини тез-тез ўтказиш ҳамда маданият марказлари фаолиятини жонлантиришга келишиб олинди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг