Оила –муқаддас даргоҳ. Уни асраб-авайлаш эр-хотиннинг бурчидир. Бироқ, минг афсуски, гоҳида бугунги кунда арзимас сабаблар билан ажрашган оилалар учраб турибди. Афсусланарлиси ўртадаги шириндан-шакар фарзандлар гоҳида аросатда қолмоқда.
Айнан мана шу низоли вазиятлар, яъни болаларни она ёки отага олиб бериш билан боғлиқ номулкий тусдаги ҳужжатлар ижросини таъминлашга Бюро органлари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Келиб тушаётган шу тоифадаги ҳужжатлар ижросини таъминлашда энг биринчи навбатда оилаларни яраштириш, аросатда қолаётган фарзандларни ота-она қаромоғида тарбиялаш тушунтирилмоқда. Бироқ, айрим ҳолларда эса...
Наманган туманида яшовчи Г.Шералиева оилавий келишмовчилик сабабли турмуш ўртоғи Т.Умаров билан ажрашиб кетади. Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2023 йил 24 августдаги ижро варақасига асосан вояга етмаган 1 нафар фарзандини она тарбиясига олиб бериш кўрсатиб ўтилган.
Бюронинг Наманган тумани бўлими томонидан иш юритувига олинган ҳужжат ижросини таъминлаш осон кечмади. Қарздор бир неча бор огоҳлантиришга қарамай фарзандини суд қарорига кўрсатилганидек, онасига бермади.
Охир оқибат иш мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида амалга оширилди. Куни кеча навбатдаги тадбир давомида фарзанд она тарбиясига олиб берилди. Ҳужжат ижроси амалда таъминланди.
Акмал Эржигитов
Бош прокуратура ҳузуридаги
Мажбурий ижро бюросининг
бўлим бош инспектори