Яхши биламизки, микрокредит маблағидан ҳақиқатда фойдаланган қарздор кредит тўловларини ўз вақтида тўламаганда, қарздорликни кафил ўз маблағлари (мол-мулки) ҳисобидан тўлашга мажбур бўлади.
Олган қарздорлик ўз вақтида бартараф этилмаса, банк ёки микрокредит ташкилотлари судларга мурожаат этишади.
Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 16.08.2023 йилдаги қарорига кўра, қарздор Д.Р.дан ундирувчи "M.F.IN" микрокредит ташкилоти МЧЖ фойдасига жами 56.971.960 сўм қарздорлигини ундириш ҳамда ундирувни қарздорга тегишли "Cobalt" русумли автотранспорт воситасига қаратиш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан Бюронинг Ёзёвон туман бўлими томонидан қонунда белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари олиб борилиб, қарздорга ихтиёрий муддат берилган.
Бироқ, қарздор ўз мажбуриятини унутиб қўйганлиги ҳамда берилган ихтиёрий муддатда қарздорликни бартараф қилмаганлиги сабабли мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, унга тегишли автотранспорт воситаси хатланганидан сўнг, хатосини англаб етган Д.Р. "барибир тўлашим керак эканда", - дея шошилиб Ёзёвон туманига кириб келди ва кредит қарздорлигидан тўпланиб қолган 56,9 млн. сўм қарздорликни бартараф этиб, "Cobalt" русумли автомашинасини ҳайдаб кетди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!