17:13 / 13.11.2023
311

“Сергели” деҳқон бозорида Миллий гвардия ходими ва фуқаро ўртасида жанжал содир бўлди

Кадр: Instagram

Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси “Сергели” деҳқон бозорида ходим ва фуқаро ўртасида юз берган жанжал бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, 12 ноябрь куни “Сергели” деҳқон бозорида жамоат тартибини сақлаш учун жалб қилинган Миллий гвардия ходими ушбу ҳудудда бир фуқаро томонидан қўлидаги пластик сув идиши ва қоғозларни ерга (белгиланмаган жойга) ташлагани учун уни тўхтатган. Ходим ўзини таништириб, фуқародан ташлаган чиқиндиларни йиғиштириб олишини ва белгиланган жойга ташлашини сўраган, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш ва атроф-муҳитни ифлос қилганлиги учун маъмурий жазо борлиги ҳақида огоҳлантирган.

Лекин ушбу фуқаро атроф-муҳитни ифлос қилгани ва белгиланмаган жойга чиқинди ташлагани учун ўзини заррача ҳам айбдор ҳис қилмасдан, аксинча, хизмат вазифасини бажараётган ходимга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, ташлаган қоғозларини олмасдан, “қўлингдан нима келади?” деб қонуний талабларига очиқдан очиқ бўйсунмасдан, баланд овозда куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, атрофдагилар эътиборини тортган ҳолда ходимга нисбатан фаол жисмоний қаршилик кўрсатган.

Шундан сўнг Миллий гвардия ходими ўзини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликни бартараф этиш мақсадида куч ишлатишга мажбур бўлган. Шунда, у ерда бўлган фуқаролар ҳолатга аралашиб, номаълум шахсни ажратиб олган вақтида ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ҳодиса жойидан кетиб қолган.

Ҳолат юзасидан йиғилган фуқароларга Миллий гвардия ходими томонидан батафсил тушунча берилиб, уларни воқеа жойидан тарқатиш чоралари кўрилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахс томонидан содир этилган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-1-моддаси (Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш), 194-1-моддаси (Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-1-моддаси (Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлари учун қонуний чора кўриш ва уни қидириб топиш чоралари кўрилмоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият