09:30 / 26.11.2023
194

Фарғонада келин сепи куёвдан мажбуран қайтариб олиб берилди

Фото: МИБ ахборот хизмати

Фарғона вилоятида жорий йил августда қурилган никоҳ икки ой ҳам ўтмай келишмовчилик сабабли бузилади ва келин-куёв бошқа-бошқа яшай бошлайди. Келин куёвдан сепини қайтаришни талаб қилиб, судга мурожаат қилган. Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати маълум қилди.

Қонунчиликда виндикацион даъво деган тушунча бор (Фуқаролик кодекси 228-модда). Унга кўра, мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли дейилган.

Фото: МИБ ахборот хизмати

Виндикацион даъво қоидаларига асосан келинга ўз сепидаги мол-мулкларни олиб бериш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди октябрь ойида қарор чиқариб, уни МИБга юборган.

Ижро ҳужжатига асосан ундирувчи М.З. фойдасига қарздор А.А.дан жами 34 турдаги 10 миллион 920 минг сўмлик мулклар олиб берилиши кўрсатилган. Келин сепида 1та стенка, 6 та катта кўрпа, 6 та кичик кўрпа, 8 та даврихона, ёстиқ, 1 дона тошойна, 1 дона дазмол, 1 дона электр чойнак, 1 дона дазмол столи, 1 дона мантиқасқон, 2 дона тоғора, 1 дона пойабзал қўядиган ва бошқа ашёлар кўрсатиб ўтилган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида 20 ноябрь куни ундирувчи М.З.га қарздор А.А.дан жами мулклар тўлиқ олиб берилган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият