Жарқўрғон туманида фаолият юритиб келаётган “Жарқўрғон туман МТП” масъулияти чекланган жамияти фаолият самарадорлиги сустлашиб, ишчи ходимларнинг ойликлари, солиқлар ва бошқа шартнома асосида хизмат кўрсатган юридик ташкилотлар олдида йирик миқдордаги қарздорликлар юзага келди.
Мавжуд қарздорликларни ундириш тўғрисидаги ишлар судларда кўриб чиқилиб, қарздор “Жарқўрғон туман МТП” МЧЖ ҳисобидан 17 та ижро ҳужжатига асосан 293 миллион сўм ишчиларга тўлаб берилмаган ойлик иш ҳақи, 873 миллион сўм солиқ қарздорлиги, 36,5 миллион сўм давлат божи ҳамда 619,3 миллион сўм 10 та юридик шахс фойдасига қарздорликни ундириш белгиланди.
Бюронинг Жарқўрғон туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, қарздор жамиятнинг барча ҳисоб рақамларига банд солиниб, туманнинг “Пахтазавод” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Кейс комбайнларини сақлаш саройи бино иншоотлари” хатловга олинди.
Қарздорлик ўз вақтида бартараф этилмаганлиги сабабли, қарздор жамиятга тегишли бўлган бўлган мулк онлайн аукцион савдоларига чиқарилди ва натижада 2 млрд. 59,4 млн. сўмга сотилди.
Бюронинг туман бўлими иш юритувида “Жарқўрғон туман МТП” жамияти билан боғлиқ барча ижро ҳужжатларининг ижроси тўлиқ таъминланиб, қарздор жамиятга нисбатан қўлланилган барча чеклов чоралари бекор қилинди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг