Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятида психотроп ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг муомалага киритилишига чек қўйилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро Ш.С. жами 40 дона “Баклосан” номли психотроп дори воситасини фуқаро М.Я.га 560 долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департаментнинг Денов туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “М.Ф” ХКга қарашли дорихона сотувчиси Д.А. ҳеч қандай ҳужжатсиз жами 80 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро А.Б.га сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса “О.Ф.” МЧЖга қарашли дорихона раҳбари Д.Х. фуқаро Б.С.га хорижда ишлаб чиқарилган 20 дона “Габатен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг