Мулкчиликнинг турли шакллари шаклланиб, ривожланиб бораётган ҳозирги шароитда давлатнинг иқтисодий сиёсати орқали бозор иқтисодиётини тартибга солишда солиқ тизими муҳим аҳамият касб этади.
Солиқлар юртимиз фаравонлиги, йўлларимиз равонлиги, аҳоли саломатлигига, фарзандларимиз келажаги учун сарфланади. Афсуски, айрим фуқаролар ўз мажбуриятларини унитиб, солиқ қарзларини тўламасдан келмоқда. Ваҳоланки, солиқларни ўз вақтида тўлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ижро ҳужжатлари бўйича давлат бюджетига солиқ қарздорлигини ундириш юзасидан солиқ органлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида 146,8 млрд. сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилиши таъминланди.
Шунингдек, солиқ ва бошқа ундирувлар юзасидан қарздорларга тегишли бўлган 29 млрд. сўмлик мол-мулклар хатланиб, 77 та 16,1 млрд. сўмлик мол-мулклар реализация қилиш учун электрон-онлайн аукцион савдоларига чиқарилган.
Мисол учун, Бюронинг Ғозғон шаҳар бўлими иш юритувидаги “M.O” МЧЖдан 381,8 млн. солиқ қарзини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича қарздорликни ундириш мақсадида, хисоб рақамларига банд солинган ҳамда мол-мулкларига тақиқ қўйилган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида МЧЖдан жами 381,8 млн. сўм солиқ қарздорлиги тўлиқ ундирилиб, давлат солиқ бошқармасининг тегишли ҳисоб рақамларига йўналтирилиши таъминланган.
Солиқ қарздорлигини ундиришга оид ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг