Болалар омбудсмани Қашқадарёга сафари давомида 7 ой мобайнида жинсий қулликда сақланган 14 ёшли қиз билан учрашган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида яшовчи 14 ёшли қиз Шаҳрисабз туманида яшовчи аёл томонидан жинсий қулликда сақлангани ҳақида хабар берилганди. Ўшанда вазият Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинганди.
Маълум қилинишича, Болалар омбудсмани 2009 йилда туғилган ўша қиздан хабар олган ва унга берилаётган ижтимоий кўмак, таълим-шароитлари ва психологик ёрдам ҳолатларини ўрганган.
Хабарда айтилишича, ҳозирда қизнинг аҳволи анча яхшиланиб, барқарорлашган. Психолог томонидан унга мунтазам кўмак кўрсатилмоқда. Педагоглар жалб қилинган ҳолда унга мактаб дастуридаги асосий фанлардан дарслар ўтилмоқда. Қиз инглиз тили ва компютер саводхонлигига катта иштиёқ кўрсатяпти, тасвирий санъатга эса алоҳида қобилияти бор.
«Самимий суҳбатимиз давомида қизча келгусидаги режалари билан бўлишди, энг асосий мақсади – таълим олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасининг етук мутахассиси бўлишга интилишини билдирди. Болалар омбудсмани бундай мудҳиш жиноят қурбони бўлган боланинг ҳар томонлама реабилитацияси, ўз тенгдошлари доирасида нормал ижтимоийлашуви ва энг муҳими, таълим олиш имкониятлари таъминланиши устидан ўз кузатувини давом эттиради», дейилади хабарда.
Маълумот учун, 14 ёшли қизни жинсий қулликда сақлаганликда гумонланган аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Китоб туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг