12:49 / 26.12.2023
936

“Келинойимнинг ўлими ҳаётимни ўзгартириб юборган” — Анвар Собиров

“Келинойимнинг ўлими ҳаётимни ўзгартириб юборган” — Анвар Собиров

Фото: Instagram

Хонанда ва актёр Анвар Собиров “Ўзимизнинг гап” кўрсатувига берган интервьюсида ҳаётини ва дунёқарашини ўзгартириб юборган воқеа ҳақида сўзлаб берди.

— Ҳаётга жуда чуқур ёндашишимга келинойимнинг ўлими сабаб бўлган. Қарангки, келинойимнинг ўзлари олий маълумотли тиббиёт ходими, шифокор эди. Пунктуал, интизомли инсон эди. Бедаво дард ҳеч кимга раҳм-шафқат қилмас экан. Касаллик уларни 30 ёшларида бу ҳаётдан олиб кетди. Бу воқеага ҳам салкам 20 йил бўлди. Ўшанда касалхона коридорига кириб, касалларнинг сўзларини эшитганман. 20, 30, 50, 80 га кирган касалларни кўрдим. Уларнинг ҳаммасининг ниятлари, тилаклари бир хил: 80 га кирган инсон ҳам “Бўлди, ёшимни яшаб бўлдим”, демаяпти. “Эй Худойим, шифо бергин”, деб ҳаётга, яшашга талпиняпти. Ўша кундан бошлаб менинг ҳаётимда жуда катта ўзгариш бўлди. Ҳаётнинг қадрига етиш кераклигини англадим.

Шунингдек, Анвар Собиров ҳозирги пайтда рейтингларда юқори ўринларни эгаллаб келаётган қўшиқлар матнидан кўнгли тўлмаслиги ҳақида ҳам гапириб ўтди.

— Интернетда охирги пайтларда кўп фаол бўлмай қолдим. Очасан, асаббузарлик. Ҳозир ўзини тутиб олган, неча йиллик санъаткорлар ҳам бачканалик қилаётганини кўриб ҳафсаланг пир бўлади. Ёнимда юрган шогирдларим Instagram’даги постларингиз активлиги паст, сиз ҳам ҳар хил видеолар қилиб жонлантиринг, дейишади. Уларга “Қўй, мени чалғитма, озми-кўпми халқни меҳрига сазовор бўлган бўлсам, шу билан қолаверай, етади”, дейман. Ҳозир рейтинг деган нарса бор. Ўша рейтингнинг чўққисида турган қўшиқларнинг сўзларини қоғозга туширинг-да, бировни устидан ёзилган аризага ўхшайди. Уларни шеър эмас, шунчаки матн деб атайман. Шунақа қўшиқларнинг кетмони учяпти, урф бўляпти.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият