13:28 / 29.12.2023
123

Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг 11 та устувор йўналиши белгиланди

Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг 11 та устувор йўналиши белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилган Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг 11 та устувор йўналишлари белгиланди. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси маълум қилди.

Ўзбекистон президентининг “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2023 йил 21 декабрдаги фармонига кўра Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг бўйсунуви Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди.

Қўмита фаолиятининг 11 та устувор йўналишлари белгиланди:

  • хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини ифодалаш;
  • эркаклар ва хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлаш, хотин-қизлар ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • давлат хизмати, таълим, илм-фан ва инновация, спорт, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • иқтидорли хотин-қизларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш;
  • хотин-қизларнинг касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, тадбиркорлигини ривожлантириш;
  • оила аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини олиб бориш, ижтимоий ходим ва бошқа давлат хизматчилари билан ҳамкорликда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш;
  • оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом овқатланиш ҳамда репродуктив саломатлик қоидаларини оммалаштириш; 
  • оила институтини мустаҳкамлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни тарғиб қилиш; 
  • миграциядан қайтган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг ижтимоий мослашувига, улар билан манзилли ишлаш орқали зарур ёрдамлар олишларига кўмаклашиш;
  • кейс менежмент қўллаган ҳолда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни аниқлаш ҳамда улар билан манзилли ишлаш;
  • ўзига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун давлат ташкилотлари, халқаро молия институтлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият