11:50 / 09.01.2024
325

1 мартдан бошлаб 16 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинади

1 мартдан бошлаб 16 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинади

Президент фармонига кўра, 3 та лицензия ва рухсатнома хабарнома тартибига ўтказилади. Турагентлик фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш мумкин бўлади.

“Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, фармон билан 2024 йил 1 мартдан бошлаб 16 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинмоқда. 

Жумладан:

– 7 турдаги рухсат берувчи ҳужжат тўлиқ бекор қилинади, масалан, божхона ташувчилари реестрига киришда юкларни ташиш учун рухсатнома талаб қилинмайди;

– 6 турдаги рухсат берувчи ҳужжат бирлаштириш йўли билан бекор қилинади;

- экспорт назорати объектларини олиб чиқиш учун рухсатнома ҳамда махсус товарлар экспорти ва импорти учун лицензия бирлаштирилмоқда;

– 3 та лицензия ва рухсатнома хабарнома тартибига ўтказилади, масалан, эндиликда турагентлик фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш мумкин бўлади.

Шунингдек, лицензия ёки рухсатномани беришда талабгорларни видео-алоқа ёрдамида масофадан туриб баҳолашга рухсат этилмоқда.

Чиқиш туризмини амалга оширишда 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш бекор қилинади.

Бундан ташқари, юридик шахсларга тегишли транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш жойларини ихтиёрий равишда танлаш мумкин (бугунга қадар техник кўрикдан ўтказиш ички ишлар органлари томонидан белгиланган жойларда ўтказилаётган эди).

Фармон қабул қилиниши натижасида тадбиркорларнинг қарийб 350 млрд сўмлик харажатлари тежалади, дейилади вазирлик маълумотида.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият