20:25 / 06.02.2024
257

Ортиқхўжаев блогер ва журналистларни “уюшган жиноий журналистика” деб атади

Ортиқхўжаев блогер ва журналистларни “уюшган жиноий журналистика” деб атади
Видеодан кадр
Асосан маиший техникаларни хорижий давлатлардан олиб киришга жорий этилаётган божлар ва турли чекловлар мавзусида уюштирилган подкаст меҳмони бўлган Жаҳонгир Ортиқхўжаев суҳбат давомида журналистларни олдиндан тил бириктириб мағзава ағдаришда айблади ва уларни “уюшган жиноий журналистика” (русча ОПЖ — организованная преступная журналистика) деб атади.

Ҳокимлик даврига оид мавзуларга тегилмаслиги шарти билан “Лолазор” лойиҳасига ташриф буюрган собиқ ҳоким барча медиа вакилларининг обуначилари сони 1,5 миллионга ҳам етмаслигини таъкидлаб, блогер ва журналистларнинг билдираётган фикрлари бутун халқнинг нуқтайи назарини англатмаслигини айтиб, бу фикрига аргумент сифатида шоу бизнес вакиллари орасида обуначиси 5 миллиондан ортиқ бўлганлари борлигини келтирди.

Бу билан у журналистика ва шоу бизнесни фарқлай олмаслигини кўрсатиб қўйди.

Подкаст бошловчиси Хушнудбек Худойбердиев у танқидларни кўнглига яқин олишини айтиб, катта эҳтимол билан бу танқидлар ортида кимдир турибди деб ўйлашини тахмин қилди ва “Ҳокимлик даврида танқидларга иммунитетингиз пастроқ бўлиб қолдими?” дея савол берди.

Йўқ, агар менда иммунитет бўлмаганида ўлиб қолган бўлардим. Бунча танқидларни унча-мунча одам кўтаролмайди.

Мана шу ерда ўтирганларнинг барчасининг обуначилари ҳисобланса 1 миллионга бормайди. Лекин анави ердаги актриса ёки бошқасиники 5 миллион. Сизлар жами 1 миллионлик овозларинг билан ҳамма нарсани ҳал қилиб ташлаётгандек, жамоатчилик нуқул сизларнинг орқаларингдан эргашаётгандек туюлади. 30 ёшли ёш авлод вакилидан “Хушнудни танийсанми?” деб сўрасанг, “қайси Хушнуд?” дейди. “Мунисани танийсизми?” ёки “Ҳамдам Собировни танийсизми?” десанг, “Ҳа” дейди. “Отабек Бакировни танийсизми?” десанг, “Йўқ, нима қиламан уларни”, дейди. “Сен жамоатчиликмасмисан?” деб сўрайсан. “Йўқ, мен жамоатчилик аъзосиман, лекин улар билан нима ишим бор?” дейди
”, дея фикрини билдирган Ортиқхўжаев.

Унинг фикрича, “бор-йўғи жами 1,5 миллион обунчага эга блогерлар 5-6 ёки 10 кишилашиб йиғилиб, ёриб юбораётгандек, бутун жамоатчилик уларнинг ортида тургандек, фикрлари тўғридек, жамоатчилик номидан гапирмоқда”.

Агар Magic City сизнинг 10 нафар обуначингизга ёқмаётган бўлса, бутун Ўзбекистонга ёқмаётгандек қилиб кўрсатасизлар. Лекин ўша ерда ҳозир бўлиб турган одамларнинг обуначилари ҳисобланса 50 миллион чиқар?” — деди у.

Собиқ ҳоким сўнгги пайтларда айрим блогерларнинг “оёғи ердан узилгани, улар ҳамма нарса ҳал қилиб ташлай оламан деб ўйлаётгани” ҳақида гапирган.

Сал пастроққа тушинглар. Фақат сиз жамият эмассиз. Жамоатчилик сизлардан иборат эмас. Битта ликкиллаганроқ қиз сизлардан кўпроқ ўзини танитяпти. Сиз бировни билмасдан туриб у ҳақида ахборот тарқатиб обуначи йиғяпсиз, у эса ўзини ярим-яланғоч қилиб кўрсатиб. Кимнинг гуноҳи кўпроқ, мен билмайман. <…> Информация тўлиқ бўлиши учун ҳар икки томондан маълумот олиш керак. Сиз жамоатчилик фикрини маълум миқдоргача ўзгартиришингиз мумкин, лекин бу бутун Ўзбекистон дегани эмас. Бироз пастга тушиш керак”, — деди у.

Узоқ муддатга ижарага ёки фойдаланишга берилган давлат объектлари қабул қилиб олинган ташкилотнинг муассислари ўзгартирилишида давлат рухсатини жорий этиш тўғрисидаги савол муҳокама қилиниши асносида Ортиқхўжаев “давлат назоратсиз эмаслиги”ни урғулаб, яна журналист ва блогерларга “ташлаган”.

Сизнинг тасаввурингизча, давлатда назорат йўқ, ҳеч ким ишламайди, ким нима қилаётганини билмайди. Ҳеч хавотир олманг: бизнинг бу ерда ўтирганимизни ҳам билади давлат. Ким билан гаплашаётганимизни ҳам билади. Давлатимиз кучли, бирорта [қонун бузилиши] учун жазо муқаррар.

Эй, сизлар эшитинглар, ўзи гап бошқа ёқда”, дейишга ҳам улгурмайди одам. Сизларнинг анақанглар бор... ОПГ дейиладию, уюшган жиноий гуруҳмиди, шунга ўхшаб ОПЖ дейман, яъни уюшган жиноий журналистика. Битта ҳолатни айтиб берай. 16:47 да каналлардан бирида пост чиқади. Уни қайта териб чиқиш учун камида 3,5 дақиқа вақт керак. Роса ҳаракат қилганман. 16:47 дақиқанинг 37-сониясида ўша пост паққиллатиб ҳаммаларингда чиқади. Бу тасодифми?” – дея савол қўяди у.

Ортиқхўжаев ҳар бир профессионал журналистнинг ўз хати бўлиши кераклиги, бундан унга олиб қайта чоп этиш – тарбиясизлик ва ўзининг гапи, фикри йўқлигидан эканини таъкидлаган (лекин катта эҳтимол билан у назарда тутган бир хил шаклдаги матнлар реклама матнлари бўлган).

Ортиқхўжаев суҳбат давомида маҳаллий журналистлар ўз ижодий маҳсулотларини чет элга экспорт қила олмаслиги (яъни, Ўзбекистонга даромад келтирмаслиги)га ҳам урғу берган.

Шу билан бирга, 2019 йилда очилиб ёпилган to‘g‘ri.uz сайтига алоқаси йўқлиги, агар медиа билан шуғулланса уники “энг яхшиси бўлиши”ни, ҳозирда ОАВга эгалик қилмаслигини айтган.

Zo‘rTV телеканали кимга тегишли экани ҳақидаги саволга жавобан эса, телеканални оммавий ахборот воситаси деб ҳисобламаслиги (!), канал унинг жиянига тегишли экани, ушбу телеканалнинг обуначилари барча медиа вакиллариникидан кўпроқлиги, халқаро телеканал ҳисобланиши ва контентлари 10 миллионлаб кўришларга эга эканини таъкидлаган.

Қайд этиб ўтиш керакки, подкаст меҳмони бўлган Ортиқхўжаевнинг сўзлари ижтимоий тармоқда турлича резонансларни келтириб чиқарди. Айримлар Ортиқхўжаев ўзини танқид қилган журналистларни сўзамоллиги билан “ўчириб қўйгани”ни айтаётган бўлса, медиа олами вакиллари тадбиркор ўз гаплари билан журналистларнинг шахсиятига текканини танқид остига олишган.

Подкаст бошловчилари олдиндан келишилгани сабабли, ваъдаларига вафо қилиб, Ортиқхўжаевнинг ҳокимлик даври бўйича саволлар бермасдан, одоб сақлашганини билдиришган.

Қайд этиш керакки, бу Ортиқхўжаевнинг журналист ва блогерларни ёқтирмаслигини очиқчасига ифодалайдиган илк чиқиши эмас.

2022 йил февралида Яккасарой туманидаги монументал санъат ёдгорликлари рўйхатига киритилган космонавт Владимир Жонибеков бюсти атрофидаги гранит плиталари кўчириб ташланганини ўрганишга борган Kun.uz мухбирига берган интервюсида “Мен Газета.uz’дан ҳам, Kun.uz’дан ҳам кўра, маҳаллий аҳоли, шаҳримиз халқининг ҳурматини қадрлайман, улуғ кўраман. Kun.uz бугун бор, эртага йўқ. Тўғрими? Сизлар битта МЧЖми? Бир кунда 3 минг МЧЖ ёпилиб, 3 мингтаси очиляпти. Лекин миллат мана шу ерда яшайди”, – деганди Ортиқхўжаев.

2019 йил август ойида тор доирадаги учрашувда ҳам журналистларга очиқчасига таҳдид қилиб, “менга сизларни гей деб эълон қилиш қийинми? Бу жуда осон. Мен олти сония ичида сизларни ичида гей ўтирган таксига ўтқазаман, бўлди! Сизларни фотосуратга олишади ва гей деб эълон қилишади. Технология! Лекин мен бундай ифлослик қилмайман. Ота-онам мени бунга ўргатмаган. Мен буни қила оламан. Олти секундда. Ташкиллаштира оламан. Лекин мен ундай одам эмасман. Тушунтира олдимми?!” деган эди.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2023 йил январида, Тошкентдаги мисли кўрилмаган энергетика инқирози фонида шаҳар ҳокими лавозимидан олинган эди. Президент Шавкат Мирзиёев бу қарорини Ортиқхўжаевнинг “оёғи ердан узилгани” билан изоҳлаганди.

Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон “сводка” билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим”, – деганди давлат раҳбари.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият