YouTube подкастлар учун сунъий интеллект ва янги функцияларни тақдим этди

YouTube платформаси Премиум обуначилар учун подкастлар билан ишлашни янада қулайлаштирувчи янги функцияларни эълон қилди. Янгиланишлар қаторидан сунъий интеллектга асосланган тавсиялар тизими, “Ауто спеед” (автоматик тезлик) режими ҳамда йўлда тинглаш учун махсус интерфейс ўрин олган. Ушбу қадам YouTube платформасининг Spotify ва Apple Подкастс каби рақобатчилар билан курашда ўз мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган интилишини англатади. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Google эгалик қилувчи сервиснинг янги тавсиялар тизими фойдаланувчининг кайфияти, севимли жанрлари ва аввал кўрган кўрсатувлари асосида шахсийлаштирилган подкастлар рўйхатини шакллантиради. Бу функция аввалроқ тақдим этилган “Аск Мусик” воситасига ўхшаш бўлиб, тингловчиларга янги контентларни осонроқ топишга ёрдам беради. Шунингдек, Netflix видео подкастлар сегментига фаол кириб келаётган бир пайтда, YouTube ўз аудиториясини ушлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
Энг қизиқарли янгиликлардан бири — “Ауто спеед” функциясидир. У нутқ секинлашган ёки маълумотлар зичлиги пасайган қисмларда ижро тезлигини ақлли тарзда мослаштиради. Бу тингловчига вақтни тежаш имконини беради, шу билан бирга нутқнинг тушунарлилиги сақлаб қолинади. Оддий тезликни ўзгартиришдан фарқли ўлароқ, сунъий интеллект суҳбатдошларнинг оҳанги ва суръатига қараб динамик равишда ишлайди.
Янги “Он-те-го” режими эса югуриш, транспортда юриш ёки бошқа ишлар билан банд бўлган фойдаланувчилар учун мўлжалланган. Унда бошқарув тугмалари йириклаштирилган бўлиб, эпизодларни ўтказиб юбориш ёки кейингисига ўтиш анча осонлашган. Ҳозирда ушбу имкониятлар Android фойдаланувчилари учун очиқ, яқин ойларда эса iOS тизимига ҳам қўшилиши кутилмоқда.
YouTube маълумотларига кўра, платформадаги подкастлар бўлими ҳар ой 1 миллиарддан ортиқ фаол фойдаланувчига эга. 2026-йилнинг апрель ойида Премиум фойдаланувчилар жами 800 миллион соатдан ортиқ подкаст томоша қилишган. Янги функциялар нафақат ушбу кўрсаткичларни сақлаб қолиш, балки аудио-контент ихлосмандлари ҳисобига аудиторияни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!