
Тошкент шаҳрида аҳоли учун иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифларини ошириш таклиф қилинмоқда. Veolia Energy Ташкент компанияси директори Алишер Хайитметов 8 февраль куни халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида шундай таклиф билан чиқди, деб ёзади “Газета.уз”.
Аҳоли учун тариф 1 Гкал учун 91 960 сўмдан 105 754 сўмгача оширилиши режалаштирилган.
“Ҳозирги кунда асосий тариф [issiq suv uchun] 664 минг сўмни ташкил этади. Бунинг 14 фоизини, яъни 91 960 сўмини аҳоли тўлайди. Қолган 570 минг сўми маҳаллий бюджетдан субсидия шаклида ажратилган. Маҳаллий бюджетга юкни камайтириш учун [tarifni] 15 фоизга ошириш ва 105 754 сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда. Шунда аҳоли базавий тарифнинг 16 фоизини тўлайди”, — дейди Хайитметов “Ёшлар” телеканали репортажида.
Депутат Наима Жабборова крандан совуқ сув келаётгани, унинг исиши учун узоқ кутишга тўғри келаётганидан шикоят қилган. У совуқ сув оқимини ҳисобга оладиган ҳисоблагичларни ўрнатиш ваъдаларини эслатган, шунингдек, иссиқ сувнинг сифатсизлиги ҳақида гапириб, ҳали ҳам “сариқ сув” оқаётганини таъкидлаган. Алишер Хайитметов муаммолар борлигини тан олиб, уларни 1−2 йил ичида ҳал қилиб бўлмаслигини, бироқ бу борада иш олиб борилаётганини қайд этган.
Яна бир депутат Ҳусниддин Эргашев Veolia компаниясини юқори баҳолаб, ушбу компания фаолият юритаётган ҳудудларда аҳоли кўрсатилаётган хизматлардан мамнун эканини таъкидлаган. У компанияни қувурларни таъмирлаш ва иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш учун кўпроқ маблағ ажратишга чақирган.
2023 йил якунига кўра, юридик шахслар учун иссиқлик таъминоти хизматлари тарифлари 1,5 бараварга, бюджет муассасалари учун эса 1,6 баробарга ошганди. Ўшанда аҳоли учун тариф ўзгаришсиз қолганди, Veolia Energy компаниясининг иссиқлик таъминоти учун базавий тарифи 67,3 фоизга — 664 465 сўмга ошган.
Аввалроқ тарифлар ўртасидаги фарқ Тошкент бюджетидан (баъзан республика бюджетидан) субсидиялар ҳисобидан қопланади, яъни нархлар кўтарилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, билвосита — уларнинг солиқлари ҳисобига таъсир қилиши айтилганди. 2023 йилда иссиқлик таъминоти корхоналарининг йўқотишларини қоплаш учун давлат бюджетидан 1,8 триллион сўм, 2024 йилда эса 4,5 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар