date

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи ва пенсия миқдори 15 фоизга оширилади

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи ва пенсия миқдори 15 фоизга оширилади

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2016 йил 22 август куни иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА сайтига асосланиб "Кун" нашри маълум қилди.

Фармонга мувофиқ, республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида 2016 йилнинг 1 октябридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 15 фоизга оширилади.

Фармонга кўра, 2016 йилнинг 1 октябридан Ўзбекистон ҳудудида энг кам:
- иш ҳақи — ойига 149 775 сўм;
- ёшга доир пенсиялар — ойига 292 940 сўм;
- болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 292 940 сўм;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 179 755 сўм миқдорида белгиланади.

Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар республика Давлат бюджети ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар эса 1 октябридан бошлаб Президент фармонида белгиланган энг кам иш ҳақига мувофиқ, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат сарфини камайтириш ҳисобига иш ҳақи миқдорини ошириши керак.

Охирги марта Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдори 2015 йилнинг августида 10 фоиз миқдорида оширилганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи ва пенсия миқдори 15 фоизга оширилади