00:10 / 08.04.2024
613

Курсдошларини ишхонасида маишат қилишга чорлаган бухоролик мансабдор лавозимидан олинди

Курсдошларини ишхонасида маишат қилишга чорлаган бухоролик мансабдор лавозимидан олинди
Фотоколлаж: “Дарё”
Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси раҳбари Баҳодир Тошев курсдошларини давлат идорасида маишат қилишга чорлагани боис лавозимидан олинди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Тармоқларда тарқалган видеода Баҳодир Тошев Telegram орқали курсдошларига мурожаат йўллаб, ишхонасида жонлиқ сўйиб, хатм қилаётганини, тадбирдан сўнг спиртли ичимлик ичиш учун шароит ҳозирлаганини айтиб, уларни чақиради.

"Масъулнинг хатм қилаётгани мақтовга лойиқ, албатта. Лекин изига “отим”ча қилиши бўлмабди-да. Раҳбарларга маза-а? Хоҳласа ишхонада ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилишини оммага очиқлайверади. Қўрқмайди. Назорат йўқлигиданмикан бу?" — дейилади Telegram’да тарқалган бу ҳақдаги хабарда.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизматининг билдиришича, ҳолат масъуллар томонидан ўрганиб чиқилган.

"Жорий йилнинг 6 апрель куни ижтимоий тармоқларда “Аввал хатм, изига ‘отим’” сарлавҳаси остида тарқалган ҳолатни Республика қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекциясининг тегишли масъуллари ўрганиб чиқди. Ушбу ҳолат ҳақиқатан ҳам Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси раҳбари билан боғлиқ эканлиги маълум бўлди", — дейилади масъуллар изоҳида.

Аниқланишича, видеодаги ҳолат 2023 йил 15 сентябрь куни тасвирга олинган.

"Ўша куни инспекция бошлиғи туғилган куни сабаб курсдошларига ушбу видеони юборган. Инспекциянинг тегишли масъуллари Баҳодир Тошевга бундай хатти-ҳаракатлар касб этикасига тўғри келмаслигини тушунтирди. Тошевнинг ушбу ҳаракати боис эгаллаб турган лавозимидан озод этилишини маълум қиламиз", — дейди вазирлик вакиллари.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Курсдошларини ишхонасида маишат қилишга чорлаган бухоролик мансабдор лавозимидан олинди