19:33 / 23.04.2024
180

Судя иқрори: “Никоҳни бекор қилиш иши одамни бездиради, аммо ҳаётнинг ҳақиқатлари олдида жимман”

Судя иқрори: “Никоҳни бекор қилиш иши одамни бездиради, аммо ҳаётнинг ҳақиқатлари олдида жимман”
Фото: Kun.uz
Кейинги пайтларда судларда аёллар хиёнати, эркаклар зўравонлиги видеоёзувлар билан исботланаётгани аянчли. Бу каби ҳолатлар нотинч оилани яраштиришга бўлган сўнгги умидларни ҳам йўққа чиқармоқда. Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судяси Диляра Аминова мақоласида шулар ҳақида тўхталиб ўтди.

“Йиллар давомида суд ҳуқуқ тизимида ишлаб келдим: аввалига адлия тизимида, кейин ФҲДЁ мудираси, нотариус сифатида, бугун эса Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судясиман. Касбимни ардоқлайман, аммо оилаларни ажратиш бўйича иш кўришдан азоби йўқ.

Афсуски, ажрашишга жуда тез қарор чиқараётганлар орасида ёшлар, ҳатто ёши бир жойга бориб қолган оила вакиллари ҳам йўқ эмас. Баъзан никоҳи бекор бўлаётган оилаларда ўзимни ҳам айбдордек ҳис қила бошлайман. Имкон қадар уларни яраштиришга ҳаракат қилсам-да, айрим пайтларда аёвсиз калтакланган она, уйдаги жанжаллардан юраги безиган гўдакларнинг қалтирашидан оилани сақлаб қолишнинг иложи йўқлигини тушунаман.

Яқинда бир никоҳни бекор қилиш ишини кўриб чиқдим. Судда 9, 4 ва 2 ёшли болаларни кўрган одамнинг юраги пора бўлади. Томонларнинг айтишича, 10 йиллик никоҳ жараёнида туғилган фарзандларнинг отага кераги йўқ эмиш. Чиндан, икки ўғил ва бир қизнинг тақдири отани умуман ўйлантирмади ҳам. Безларча афти-ангор, суд жараёнидаги саволларга берилган ўйловсиз жавоблар, бемаъно кўзлар, кераксиз “хуржун”идан қутулиш истагидаги қараш... Хуллас, ота алимент тўлашга ҳам рози.

10 йиллик турмушга садоқати бўлмаган эркакнинг хуштори сабаб молу-мулки ҳам кўзига кўринмади, фақат ажрашса бўлди. Аёл эса ажрашишга рози бўлмаслигини, хиёнаткор эрининг жазмани билан қайта никоҳ қура олмаслиги учун аламини олишини, бироқ бирга яшамаса ҳам болаларига алимент ундиришни талаб қилди. Айни кунда уч гўдак учун алимент ундируви тайинланди.

Бу оила можароси худди жанжалли сериаллардек кўринди кўзимга: эр ажрашиш талаб қилишдан қолмайди, аёл эса норози. Қонунчиликда томонларнинг бири никоҳини бузишини истамаса, оиланинг ажрашишига розилик берилмайди.

Эркак хиёнати туфайли ажрим ёқасидаги оилаларни маҳалла-кўй, ёши улуғ кексалар насиҳати билан қайтаришга эришиляпти баъзида. Бироқ кейинги пайтларда судларда аёллар хиёнати видеоёзувлар билан исботланаётгани аянчли.

Шундай суд мажлиси Қизилтепа туманида яшовчи фуқаролар билан содир бўлди. “Оила қуриш осонмас, келин бир адашибди, кечиринг болам”, деган маҳалла оқсоқолига эркак “...сиз ўзингиз хиёнаткор аёл билан яшармидингиз?” дея савол берди. Унинг бу гапидан суд мажлисида оғир сукунат пайдо бўлди. Бир нафар фарзанди тарбиясини она розилиги билан ўзига қолдирган ота хиёнатни кечирмади. Аёл эса оиласидан, фарзандидан воз кечиб, чет элга кетди.

Навоий шаҳридаги бир оилани ҳам зўравон эр туфайли асраб қолишнинг имкони бўлмади. Эр ичкиликка ружу қўйган. Руҳий азобдаги аёл ўзига суиқасд қилиши мумкинлигини шифокорлар ёрдамида аниқлашга муваффақ бўлдик. Гўдаклар онасиз қолишининг олдини олиш мақсадида никоҳ бекор қилинди. Афсуски, бу каби никоҳларни бекор қилиш ҳолатлари судяларни, жумладан мени ҳам бездиради, аммо ҳаётнинг бешафқат ҳақиқатлари олдида жимман.

Навоий вилоятида 2024 йилнинг биринчи чорагида 312 та оиланинг никоҳи бузилди. Мазкур рақамни шунчаки айтиш мумкин, аммо бу юзлаб болалар ота ёки она меҳридан, тарбиясидан йироқ, кўнгли ўксиб улғаяди дегани”, дея ҳикоясини якунлайди Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судяси Диляра Аминова.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Судя иқрори: “Никоҳни бекор қилиш иши одамни бездиради, аммо ҳаётнинг ҳақиқатлари олдида жимман”