19:36 / 07.05.2024
118

Шавкат Мирзиёев бешта давлат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев бешта давлат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев 7 май куни Венгрия, Эрон, Чехия, Уммон ва Жазоирнинг янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Тантанали маросимда давлат раҳбари Венгрия элчиси Йожеф Рожа, Эрон элчиси Муҳаммадали Искандарий, Чехия элчиси Любомир Фрэборт, Уммон Султонлиги элчиси Вафо ал-Бусаидий, Жазоир элчиси Муҳаммад Ирқийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини тайинлов билан қутлаб, Ўзбекистон ва улар вакиллик қилаётган мамлакатларни яқинлаштириш, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришдаги муҳим ўрнини қайд этди.

Бугунги Ўзбекистон жаҳонга кенг очилаётган, хорижий шериклари билан узоқ муддатли ва кенг қамровли алоқаларни изчил ривожлантириб бораётган тинчликсевар ва адолатли ижтимоий давлатдир”, — дейди давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Венгрия элчисига мурожаат қилар экан, Будапешт Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва вақт синовларидан ўтган ишончли шериги эканини қайд этди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Сўнгги йилларда бош вазир Виктор Орбан билан биргаликдаги қатъий интилиш ва аниқ мақсадга йўналтирилган ҳаракатларимиз натижасида алоқаларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди”, — деди президент.

Шунингдек, икки томонлама товар айирбошлаш икки баробар ўсди, қўшма корхоналар сони ошмоқда, ўтган йили Будапештда Ўзбекистон элчихонаси очилди, юздан ортиқ ўзбекистонлик талаба Стипендиум Ҳунгариcум дастури доирасида Венгрия олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Ўзбекистон бозорида Венгриянинг ОТP Bank, Bonаpharm, Gedeon Ritcher, Meditop каби бир қатор етакчи компания ва банклари муваффақиятли ишламоқда.

Тошкент ва Будапешт ўртасида авиақатновлар бошланиши ишбилармонлик алоқалари ва туризм алмашинувларини янада фаоллаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат раҳбари Эрон билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар кўп минг йиллик тарихий илдизлардан куч олаётганини таъкидлади. Бугунги Эрон катта иқтисодий, маданий ва интеллектуал салоҳиятга эга мамлакат. Кейинги йиллардаги олий даражадаги тарихий ташрифлар ва эришилган муҳим келишувлар муносабатларда янги юксалиш даврини бошлаб берди.

Ўзбекистон Эрон билан тоғ-кон, энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтиришдан манфаатдор. Транспорт йўлаклари ва транзит борасидаги ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳимлиги қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Чехия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги анъанавий ва муҳим ҳамкори эканини таъкидлади. Ўтган йили ҳукумат делегацияларининг ўзаро ташрифлари икки томонлама алоқаларни янги босқичга кўтарди.

Биргина ўтган йилнинг ўзида ўзаро савдо икки баробарга кўпайгани ҳамкорлик борасида катта имкониятлар мавжудлигини яққол тасдиқлайди. Ўзбекистонда Чехиянинг етакчи компаниялари саноат, инфратузилма, тиббиёт, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида муваффақиятли фаолият юритмоқда. Тошкент—Прага авиақатновлари йўлга қўйилмоқда.

Келишилган инвестиция лойиҳаларини тўлиқ амалга ошириш ва саноат кооперацияси бўйича дастурни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди. Чехия Экспорт банки ҳамда Экспортни кафолатлаш ва суғурталаш корпорациясининг Ўзбекистон банк-молия бозорига кириш режалари юқори баҳоланди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Уммон Султонлиги Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ минтақасидаги муҳим ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади.

Тошкентда Султон Ҳайсам Ал Саид иштирокида очилган Шарқшунослик институтининг муҳташам кутубхонаси давлатларимиз ўртасида ўзига хос дўстлик рамзи бўлиб келмоқда”, — деди давлат раҳбари.

Икки мамлакат ҳамкорлигида ҳали ишга солинмаган жуда катта салоҳият бор. Тез орада ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишини ўтказиш, Ишбилармонлар кенгашини тузиш зарурлиги қайд этилди. Ўзбекистон—Уммон инвестиция компанияси имкониятларидан унумли фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Жазоир араб-мусулмон дунёсида жадал суръатда тараққий этаётгани, катта иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат, Африка қитъасидаги истиқболли шерик эканини таъкидлади. Жазоир араб давлатлари орасида биринчи бўлиб Тошкентда ўз элчихонасини очган.

Олий даражадаги учрашувларни ташкил этиш, сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини жорий этиш, ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш зарурлиги, бу икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлаши таъкидланди.

Нефть-газ, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида аниқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштириш зарурлиги қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Хабарда айтилишича, маросим якунида президент элчиларга шарафли фаолиятида муваффақиятлар тилади, дипломатлар самимий қабул, самарали фаолиятига яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга бор саъй-ҳаракатларини қаратишларини таъкидлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев бешта давлат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди