01:04 / 15.05.2024
317

Тунги клубдаги танишув, психотроп моддалар ва 10 минг долларга пулланиши керак бўлган фарзанд

Тунги клубдаги танишув, психотроп моддалар ва 10 минг долларга пулланиши керак бўлган фарзанд
Вужудида тўққиз ой авайлаб, минг машаққат билан дунёга келтирган фарзандини сотиш оналарга хос эмас. Чунки она ҳеч қачон фарзандидан воз кечишни истамайди. Афсуски, айни дамда 21-сонли аёллар колониясида жазо муддатини ўтаётган хоразмлик Зебинисо Куранбоева ана шундай — оналарга хос бўлмаган жиноятга қўл урган.

Маҳкума Зебинисо Куранбоева 23 ёшда. У Жиноят кодексининг 135-моддаси билан 4 йилга озодликдан маҳрум этилган. У фарзандини 10 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган.

“Онамнинг турмуш ўртоғи билан келишмасдим”

Онам Туркманистонга турмушга чиққан. Афсуски, олти ойлик чақалоқлигимда отам билан ажрашиб, Ўзбекистонга қайтиб келган. 2004 йилда уйланмаган йигит билан оила қурди, 2005 йили укам дунёга келди, 2006 йилда эса мени ва укамни олиб Украинага кетишган. Ота-онам у ерда кийим-кечак савдоси билан шуғулланишарди, биз эса мактабда ўқирдик. Аввалига ҳаммаси яхши эди, аммо кейинчалик мен ва иккинчи дадам ўртасида низоли вазиятлар юзага келди. 2018 йилда паспорт олиш мақсадида Ўзбекистонга қайтиб келдим. Ундан аввалроқ Украинада 7 ой ҳужжатсиз яшаганим учун мени депорт қилишган. Қайтиб мамлакат ҳудудига киролмаслигимни ўйлаб, онамга “Илтимос, сиз ҳам мен билан қолинг”, деб ялинганман. Аммо онам турмушини ўйлаб, мени холамга васийликка бериб, ўзи қайтиб кетди. Афсуски, холамнинг уйидаги ҳаётим ҳам муаммолардан холи эмасди. Поччам бир неча марта тегажоғлик қилганидан кейин уйидан қочиб кетишга қарор қилганман, — дейди маҳкума.

“Холамнинг эри тегажоғлик қиларди”

Холамнинг оиласида яшашни истамай, бир ой кўчадаги дўстларимнинг уйида яшаганман. Маҳалла нозирлари билишгач, мени вояга етмаганларга ёрдам кўрсатиш марказларига ётқизишди. Икки кундан кейин холам олиб кетди. Аммо барибир яна уйида қололмадим. Қочиб кетаверганимдан кейин участка нозирлари олти ой давомида марказда қолдирадиган бўлишди. Холамникида яшашни истамасдим, марказдан чиққанимдан кейин 2018 йилнинг 2 июлида мени Қўқондаги қизлар колониясига олиб боришди. Чунки у пайтда кўча ҳаётига бўлган қизиқишим ортганди.

2019 йилнинг январь ойида қизлар колониясидан чиқдим. Онам Украинадан қайтди ва бувим билан маслаҳатлашган ҳолда мени турмушга бермоқчи бўлишди. Биринчи турмуш ўртоғим бувимнинг дугонасининг набираси эди
, — дейди маҳкума.

Фото: “Дарё”
“Боламнинг отаси фарзандли бўлишимни истамаган”

Аввалига ҳаммаси яхши эди, аммо кўп ўтмай унинг психотроп таблеткалар ичиши ва сотиши ҳақида билиб қолдим. Мен ҳам сотишда унга кўмаклашдим. Қўлга тушиб қамалди, ҳамма айбни бўйнига олди. Мен эса яна бувимнинг уйига қайтиб келдим. Аммо улар билан бирга яшолмадим. Ижарага уй олиб, кўчиб чиқиб кетдим. Официантлик қилиб, машина олдим. Ҳаётим анча изига тушиб қолганди. Кейин тунги клубда бир йигит билан танишдим. У билан бирга яшаб юрдик. 2022 йилда ҳомиладор эканлигимни билдим. У фарзандли бўлишни истамади, аммо Украинадаги онам билан гаплашиб вазиятни айтганимда “Боладан воз кечма, ўзимиз амаллаб катта қиламиз”, деди. Фарзандли бўлдим, аммо у туғма юрак нуқсони ва Даун синдроми тахмини билан туғилди, — дейди маҳкума.

“Боламни сотишни таклиф қилишди”

Тунги клубда Темур исмли йигит билан танишдим. У билан танишувимга аслида боламнинг отаси сабаб бўлган. Темур “Келинойим анча йилдан бери фарзандли бўлолмайди, барибир болангни боқолмайсан. Яхшиси уни келинойимга бергин”, деди. Боламнинг касал эканлигини айтганимда “Касал бўлса ҳам олади, боланг сен билан қийналиб катта бўлади, ундан кўра бой хонадонда улғайгани яхши-ку”, деди. Хуллас, охири рози бўлдим. Чунки ўзим ҳам уни катта қилишимга кўзим етмасди.

Темур Зулҳумор деган аёл билан таништирди. Мен боламнинг таҳлил натижаларини Тошкентдан олиб келаётганда “10 минг АҚШ доллари берсангиз, майли боламни сизларга бераман”, деб хабар ёздим. Улар билан вокзалда кўришадиган бўлдик. Она ва бола хонасида учрашиб, болани қайтиб олмаслик ва уни кўрмаслик ҳақида тилхат ёзиб бердим. Аёл қўлимга 9 800 АҚШ доллари берди ва қолган пулни банк картамга ўтказиб юборишини айтди. Хонадан чиқаётганимда тегишли ходимлар қўлга олишди
, — дейди маҳкума.

Фото: “Дарё”
“Болам мени танимайди”

Қилган ишимдан афсусдаман. Боламга нисбатан адолатсизлик қилдим, пулни ўйлаб кечирилмас хатога йўл қўйдим. Болам бир муддат меҳрибонлик уйида парваришланди. Узр сўраб тегишли ташкилотларга хат ёзганимдан кейин уни васий сифатида бувимга қайтариб беришди. Аммо бувим ҳам анча кексайиб қолган, аввалгидек кучи йўқ. Онам эса Россияда яшайди. Қанийди, тезроқ озодликка чиқсам, боламга ўзим қарардим. У эндигина икки ёшни қаршилайди. Мени эмас, холамни она деб катта бўляпти. Мени танимайди ҳам, — дейди маҳкума.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тунги клубдаги танишув, психотроп моддалар ва 10 минг долларга пулланиши керак бўлган фарзанд