20:27 / 31.05.2024
86

Малайзиялик инвестор Бухорода графит конини ўзлаштиради

Малайзиялик инвестор Бухорода графит конини ўзлаштиради
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи давомида саноат кўргазмаси ва янги инвестиция лойиҳалари, шунингдек, саноат тармоқларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда режалаштирилган лойиҳалар билан танишди.

Кўргазмада иситиш тизимлари учун катта ва кичик қозонлар, оғир ва енгил саноат учун деталлар, турли ўлчам ва қувватдаги совутгичлар, электротехника ускуналари, мотоцикллар кўздан кечирилди. Шунингдек, давлат харидларини тартибга солиш механизми намойиш этилди.

Қайд қилинишича, жорий йил вилоятда 1 миллиард 300 миллион долларлик 607 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 14 миллиард долларлик 80 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан 4 миллиард долларлик 14 тасини инвесторлар ва тармоқ раҳбарлари биргаликда тақдимот қилган.

Лойиҳаларга Хитой, Россия, Туркия, Германия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Малайзия, Жанубий Корея каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Лойиҳалар қурилиш материаллари, электр техникаси, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, тиббиёт, кончилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларни қамраб олган.

Таъкидланишича, Хитой билан ҳамкорликда Ғиждувон туманида 600 МВтга тенг шамол электр станциясини қуриш, малайзиялик инвестор томонидан Пешку туманида графит конини ўзлаштириш ва электроскутерлар учун аккумляторлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, эронлик инвесторлар томонидан Бухоро туманида кимё кластерини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Мазкур 80 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 22 минг 200 нафардан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.

Президент қўшилган қийматли маҳсулотларни ва маҳаллийлаштиришни кўпайтириш, хизматларни ривожлантириш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Малайзиялик инвестор Бухорода графит конини ўзлаштиради