
Ўзбекистонда сохта психологлар фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмахаматова хабар берди.
Депутатга кўра, узоқ ва қизғин тортишувлар, мунозаралар ва муҳокамалардан сўнг психологик ёрдам кўрсатишни тартибга солишга қаратилган “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
“Жойларда ўтказилаётган учрашув ва мулоқотларда 2 ёки 3 ойлик шубҳали курсларни тамомлаган шахслар ўзларини “психолог” деб таништириб, одамларнинг қимматли вақти ва маблағини “ўғирлаётгани”, бу масалани қонун билан тартибга солиш заруратига оид масала тез-тез кўтарилиб турганди. Кўп миллионли аудиторияни ўзида жамлаётган ижтимоий тармоқларни ҳам кузатдик: ҳақиқатан ҳам, 5-6 та рисолани варақлаб чиқиб, одамларнинг ишончига кириб, уларнинг руҳий, маънавий дунёсига дахл қилаётган “психолог”лар кўпайганини кўриб турибмиз.
Бу мавзуда илгари ҳам ўз фикримни билдиргандим: психологлар фаолиятига оид қонунчиликни такомиллаштириш шарт ва зарур.
Қонунчилик палатасидаги бир гуруҳ ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда масалани чуқурроқ ўргандик, мутахассислар, экспертлар билан қайта-қайта учрашиб, муҳокамалар ўтказдик. Бир неча ойлик муттасил изланишлардан сўнг Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқдик.
Ҳозирча илк ва муҳим қадам қўйилди, психологлар фаолиятига оид ҳуқуқий асос яратилади”, дея ёзган депутат.
Шаҳноза Холмахаматованинг қўшимча қилишича, лойиҳани тез орада Қонунчилик палатасига киритиш режалаштирилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар