Чустий қаламига мансуб «Менга олам тинч бўлиб, дўстлар саломат бўлса бас» деган ажойиб шеър ажойиб қўшиққа айланган. Азал-азалдан одамлар ўзаро дўстликни қадрлаб келади. Халқимизда «Арпа-буғдой бир кунингга ярайди, содиқ дўстинг ўлгунингча ярайди» деган мақол бор. Гап шундаки, 30 июль Халқаро дўстлар куни (International Friends Day) экан. Бу санада нишонланадиган «Халқаро Дўстлик куни» билан 9 июнда нишонланадиган «Халқаро дўстлар куни»ни адаштириб юбормаслик керак.
Тўғри, ҳозирда Халқаро дўстлар кунини биров билиб, биров билмайди. Бунинг устига у норасмий нишонланади. Аммо ғоянинг ўзини таҳсинга лойиқ дейиш мумкин. Чунки, ота-боболаримиз билиб айтганидек, «Дарахт – илдизи билан, одам – дўстлари билан» (ёки «Дарахтни томири сақлар, одамни – дўсти»). Ҳақиқатан ҳам, атрофимиз дўстлар билан гўзал.
Халқаро дўстлар куни дўстликни қадрлаш лозимлигини эслатиб қўйиш мақсадида ҳам ташкил этилган. Дўстлик инсонларга берилган буюк инъом. Тўғри, бу кун қачон ва ким томонидан ташкил этилгани борасида аниқ маълумотлар йўқ. Илк бор ўтган асрнинг биринчи ярмида АҚШда нишонлангани айтилади. Яъни, 1935 йилда АҚШ Конгресси август ойининг биринчи якшанбасини Миллий Дўстлик куни деб эълон қилган эди. Аммо кейинчалик бу байрам унутилди. 1958 йилдан яна оммалаша бошлади. Йилдан-йилга бу айёмни кенг нишонлаш урфга айланяпти. Айни дамда байрам жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида нишонланмоқда.
Ҳаётимиз мобайнида дардимиз, хурсандчилигимизни айта оладиган камида битта дўстимиз бўлиши керак. У қийин дамларда бизни қўллаб-қувватлаши лозим. Арастунинг «дўстлик икки танадаги бир қалб» деган гаплари бор. Аммо дўст ва дўстликнинг қадрига ҳамма ҳам етавермайди. Психологлар айтишича, дўстликнинг қадрига етиш ҳақиқий санъатдир. Бунга ўзингиз ҳам муносиб бўлишингиз керак. Немис файласуфи Гегель: ҳақиқий дўстлик инсон ҳаёт йўлини танлай олмаган ёшлик пайтларида пайдо бўлади, деган эди. Бу гапда жон бор. Чунки кўпчилигимиз (деярли ҳаммамиз) ҳақиқий дўстларимизни мактаб даврида топганмиз. Байрамни ҳам, асосан, ёшлар нишонламоқда. «Билаги алп бирни йиқар, дўсти кўп – мингни» деган мақол ҳам бекорга ишлатилмаган бўлса керак.
Тарих китобида Эфталитлар давлати ҳақида ўқиганим ёдимда қолган. «Бу давлат одамлари ёшга қараб, тенгдошлари билан тез-тез тўпланиб туради. Бировининг бошига кулфат тушса, пул тўплаб муаммони ҳал қилишади. Шодлик ва қайғуни ўзаро баҳам кўришади», деганга ўхшаш сатрларни ўқиган эдим. «Ахир бу бизнинг «Гап»-ку» деб юборгандим беихтиёр.
Қадимда, ўтган асрнинг 40-йилларига қадар қишлоғимизда қиш фаслининг ҳар жумасида «гап» қилинар, бу «жумалик» дейиларди. Кексалар жума намозидан чиқиб, бирор уйга боришарди. Кейинчалик замон ўзгарди, жума иш кунига айлангани боис, «Гап» шанбага кўчирилди. Аммо чоллар жума намозидан чиқиб, чойхонада ўтиришни давом эттиравердилар. Шанба куни эса тенгдошлари билан «Гап»га тўпланишарди. Ҳозир қишлоғимизда «жумалик» ибораси деярли ишлатилмайди, ҳамма замонавийлашиб «Гап» иборасини халосда.
Ҳақиқатан, халқимиз ёшга қараб «Гап» ўйнайди. «Гап» деганда улфатларнинг бир ойда йиғилишини, чойхона ёки ресторандаги учрашувлар тушунилади. Аслида бундай эмас. «Гап» еб-ичишдан иборат бўлмай, маънавий-маърифий суҳбат, дўстларнинг ўзаро жипслашувидир. Меҳр кўзда деганлари бежиз эмас.
Шарофиддин Тўлаганов
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди