Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёл 3 кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Расмий Тошкент икки маъмурият даврида ҳам Корея билан илиқ, дўстона алоқаларга эга. Kun.uz мухбири мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик масалалари ҳақида сўз юритиш учун сиёсий таҳлилчи Жасурбек Пўлатов ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили Достонбек Олимжоновни таклиф этди.
Сўнгги бор 2019 йилнинг апрел ойида Кореянинг ўша вақтдаги президенти Мун Чже Ин Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган эди. 2022 йилда лавозимга сайланган Юн Сок Ёл эса шу кунларда Марказий Осиёнинг 3 республикасига турнесини якунлади: даставвал Туркманистон, сўнгра Қозоғистон ҳамда Ўзбекистонда бўлди.
Бугун Корея Республикаси – Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги энг катта 5 ҳамкоридан бири. Шунингдек, Марказий Осиёдаги корейс диаспораси вакилларидан энг кўпи ҳам Ўзбекистонда яшайди. Корейс президентлар, мулозимлар ўтган асрнинг 30-йиллари охирида бу ҳудудга кўчирилган корейсларни илиқ қабул қилгани учун минтақа давлатларига миннатдорлигини билдириб келади.
Сиёсий таҳлилчи Жасурбек Пўлатовнинг фикрича, Кореядан Ўзбекистонга у ёки бу масалада босимлар йўқ, гигантлардан фарқли равишда Сеул Марказий Осиё давлатлари билан геосиёсий манфаатларсиз, беминнат ҳамкорликка киришади.
Суҳбатда, шунингдек, Корея ва Ўзбекистон алоқаларидаги энг муҳим ва қайноқ йўналиш – миграция масалалари ҳам кўтарилди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Осиё ва Тинч океани минтақаси давлатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Достонбек Олимжоновнинг маълум қилишича, бугунгача 40 минг нафардан ортиқ меҳнат муҳожирлари Кореяга ишга жўнатилган. 2023 йилнинг ўзида жўнатилганлар сони 4 мингдан ортиқ.
Лекин меҳнат қилишга кетаётганларнинг ҳаммаси ҳам қонун-қоида ва шартнома талабларига бўйсунаётгани йўқ. Масалан, 2021 йилда E-8, яъни Кореянинг иш визаси билан давлатга борган 421 нафар ўзбек муҳожирларидан 307 нафари шартномани бузиб, ноқонуний ишлашга чиқиб кетган. Шундан сўнг, Корея ўзбекистонликларга бу турдаги виза беришни бутунлай тўхтатди, дейди Олимжонов.
Корея ва унинг халқидан ўрганса бўладиган жиҳатлар жуда кўп. Масалан, корейслар сиёсий фаол ва давлатидаги жараёнларга, сайловлар-у, овоз беришларга бефарқ эмас. Ҳар бир фуқаро ўз овозини қадрлайди ва танлаган номзодидан натижа ҳам талаб қилади. Энг асосий ўрганадиганимиз – жамоатчилик назоратидир. Кореяда ОАВ тўла эркин ва давлат раҳбарига ҳам бемалол жиддий саволлар беради, дейди сиёсатшунос.
Шунингдек, Корея ташқи сиёсатининг бориши, давлатлар билан алоқалардаги фаоллиги унинг иттифоқчиларига ҳам боғлиқ. Масалан, АҚШда Доналд Трамп президентлик қилганда, Америка изоляцион сиёсат юритганди, Корея эса бу йилларда анчагина эркин ташқи сиёсат олиб борган. Байден эса, аксинча, глобал сиёсат тарафдори. Узоқ Шарқдаги асосий иттифоқчилар Япония ва Жанубий Кореянинг ташқи сиёсатига ҳам бу таъсир қилади, дейди таҳлилчи.
Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди