14:06 / 13.07.2024
249

Пешку ҳокими боғчадаги гўштни тарозига торттирди: “150 бола овқатига 300 грамм гўшт”

Пешку ҳокими боғчадаги гўштни тарозига торттирди: “150 бола овқатига 300 грамм гўшт”
Фото: Видеодан кадр
Бухоро вилояти Пешку тумани ҳокими Ваҳоб Қаҳҳоров тумандаги 14-МТТни ўрганиш учун боргани аск этган видео тарқалди. Видеода ҳоким боғча ошхонасига кириб, пиширилаётган овқатлар ичидаги гўштни тарозига торттириб кўрган. Гўшт 300 грамм чиққан. Кўринишича, бу 151 нафар тарбияланувчи учун тайёрланган иккинчи овқатга солинган гўшт.

Мана бу 14 боғчада 168 нафар бола рўйхатда туради. 151 нафар болага пиширилаётган иккинчи овқат. Макарон кабобнинг ичидаги барча гўштлар олинди. Олиб тарозига тортилса, 300 грамм гўшт чиқди. Мана, 300 грамм гўшт солинган. Мана қаҳрамонларимиз, ҳамшира, ошпаз ва боғча мудираси ўринбосари”, – деган ҳоким видеода.

Kun.uz Бухоро вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ирода Орипова билан боғланиб, ҳолат юзасидан қўшимча маълумот олди. Унга кўра, 10 июл куни туман ҳокими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ижтимоий объектлар фаолияти ўрганилган. Жараёнда тумандаги 14-МТТ фаолияти билан танишилган. “Ошхонада биринчи овқат ҳам пиширилаётган бўлиб, унга 5,85 кг гўшт маҳсулоти, иккинчи овқатга 300 грамм гўшт солингани аниқланган”, – деди Орипова.

У шунингдек, умумий ҳисоблаганда, болалар овқатига белгиланган миқдордаги гўшт қозонга солингани, фақат музлаган ҳолатда бўлгани учун биттасига кўп, иккинчисига кам солинганини айтди. Шу билан бирга Орипова боғча мудираси ўз аризасига кўра ишдан бўшаганини ҳам қўшимча қилди.

Ҳолат бўйича туман ҳокимлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га берган маълумоти бироз бошқачароқ. У биринчи овқатга белгиланган нормага яқин гўшт солингани, иккинчисида эса кам бўлганини таъкидлади. “Бу бўйича мен мутахассис эмасман, лекин қозонга гўшт тушгандан кейин бу даражада сезиларли камаймайди деб ўйлайман”, – деди ҳокимлик матбуот хизмати вакили.

Эслатиб ўтамиз, Сенат ишчи гуруҳи Андижон вилоятидаги боғчаларнинг овқатлантириш тизимини ўрганиб, муассаса ошхоналари таъмирталаб экани, жиҳозлар, идиш-товоқлар етишмаслиги, сифатсиз маҳсулотлар олиб келингани ҳақида хабар қилинган эди.

Олдинроқ, ЮНИСЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган рацион кўрсаткичида Ўзбекистон болалар тўйиб овқатланмайдиган давлатлар рўйхатига киритилган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пешку ҳокими боғчадаги гўштни тарозига торттирди: “150 бола овқатига 300 грамм гўшт”