Дўкон эгаси навбатдаги кунларнинг бирида ишга келди ва ҳайратдан ёқа ушлаб қолди: дўкон ертўласининг эшиги ланг очилган ҳолда ётар, сейфдаги катта миқдордаги тилла тақинчоқлар жойида йўқ эди. Ҳар қанча мустаҳкам қўриқланмасин, ўғри профессионал тарзда ишлаган ва 825 млн сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлаб кетганди. Атрофга йиғилганлар бу ишни катта жиноий гуруҳ амалга оширган, деган тахминга борди. Бироқ...
Тундаги ўғирлик
Шайхонтоҳур туманида жойлашган Чорсу бозоридаги тилла буюмлар дўкони эгаси сотувдаги тилла тақинчоқларни дўкон ертўласидаги сейфда сақларди: ҳар куни ишдан кетишида қимматбаҳо тақинчоқларни йиғиштириб олар ва ертўлага тушиб, сейфга солар, эрталаб келганида эса яна сейфдан олиб, дўкондаги шиша раста тагига териб қўярди.
2024 йилнинг 10 март куни. Ҳар доимги каби ишга келган дўкондор тақинчоқларни олиб чиқиш мақсадида ертўлага тушди ва ҳайратдан ёқа ушлаб қолди: ертўла эшиги очиқ ҳолатда турарди. Кўнгли бир нохушликни сезган сотувчи шошиб ичкарига кирди: ертўладаги сейф очилган, ундаги тилла тақинчоқлар эса ўғирлаб кетилганди.
Ҳолат юзасидан дарҳол ИИБга хабар берилди. Тезкор ходимлар воқеа жойига келиб, ертўлани кўздан кечира бошлади.
“Бу ишни катта жиноий тўда қилгани аниқ. Қара, ертўла эшигининг қулфи кесиб очилибди, ишни анча пухта қилишган”, дерди воқеа гувоҳи бўлганлар бир-бирига тахминини айтиб.
Бироқ кўп ўтмай ўғирликни катта жиноий тўда эмас, 25 ёшли қиз содир этгани маълум бўлди ва у ушланиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
25 ёшли хавфли рецидивист қиз
Суриштирув ишлари натижасида ушбу шов-шувли ўғирликни 1999 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган М.С. содир қилгани аниқланди. Қиз тилла буюмлар дўкони ертўласининг бир қисмида очилган тикувхонада тикувчи бўлиб ишлаб юрарди.
Ҳали турмушга чиқмаган М.С. бунгача ҳам ўғирлик жиноятини содир қилиб, судланган ҳамда хавфли рецидивист деб топилганди.
Жумладан, у 2019 йилда, яъни 20 ёшида жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида (ўғирлик такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилиши) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 2020 йил август ойида суд ажрими билан М.С.нинг ўталмай қолган 2 йил 1 ой жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.
“Эшик қулфини “болгарка”да кесиб очдим”
М.С. тилла буюмлар дўкони ертўласидаги тикув цехида тикувчи бўлиб ишлаган. У сотувчилар иш куни тугаганидан сўнг тақинчоқларни ертўланинг алоҳида хонасидаги сейфга солиб кетишларини кўриб юрган. Тикув цехида бир ой ишлаган қиз у ердан кетиб, Чилонзор туманидаги “ателе мод”да иш бошлаган. 2024 йил 9 март куни унда сейфдаги тақинчоқларни ўғирлаш нияти пайдо бўлган.
“Ўша куни соат 21:00ларда дўкон олдига бордим. Менда тикувчи бўлиб ишлаб юрган вақтимдан ертўланинг калити сақланиб қолган эди. Ушбу калит билан ертўлага тушдим. Бармоқ изларим қолмаслиги учун эшик тутқичини дастрўмол билан артиб ташладим. Сўнгра ертўла чироғини ёқдим.
Ертўланинг ўнг томонида тилла буюмлар сақланадиган алоҳида хона бор эди. Унинг эшигидаги қулфни ўзим билан олиб борган “болгарка” ёрдамида кесдим. Ичкарида яна бир панжарали эшик бор экан. Унинг қулфини эса “болгарка” калити билан бузиб очдим”, деган суддаги кўрсатмасида М.С.
Қиз шу тариқа сейф турган хонага кириб борган. Хонада 3-4 та сейф бўлган.
“Хона тўридаги икки эшикли сейф очиқ ҳолатда турган экан. Унинг тепа қисми бўш, пастки қисмида эса тилла тақинчоқлар солинган қутилар турганди. Ушбу сейфдан тақинчоқларни, жумладан, тилла узуклар, зираклар, билакузуклар, тилла занжирларни сумкамга солиб, хонадан чиқиб кетдим”, деган у.
М.С. тақинчоқларнинг ҳаммасини олиб, уйига кетган. Ертўла эшигини эса очиқ қолдирган.
“Сейфни қулфлаб кетгандим”
Жабрланувчи сотувчи ўз кўрсатмасида ўша куни сейфни қулфлаб кетганини таъкидлаган.
“2024 йил 9 март куни савдо қилиб бўлиб, соат 19:00ларда дўкондаги тилла буюмларимни йиғиштирдим ҳамда ертўлага тушиб, ўзимга тегишли икки қаватли сейфнинг биринчи қаватига солдим. Сўнгра сейфни қулфлаб, уйга кетдим.
10 март куни эрталаб соат 8:30ларда дўконга келдим. Тилла тақинчоқларни олиш учун ертўлага тушсам, омборхона эшиги қулфи бузилиб, хона очиқ ҳолда турган экан. Сейф ҳам очиқ ҳолатда эди, унинг ёнида тилла буюмларимнинг қутилари, тилла зирак ва узукларни жойлайдиган мосламалар сочилиб ётарди”, деган жабрланувчи.
Сотувчи ўғирлик бўлганини билиб, ички ишлар органларига мурожаат қилган.
М.С. савдо дўконидан жами 825 млн сўмлик 187 дона тилла узук, 27 дона тилла билагузук, 123 жуфт тилла зирак, 1 дона тилла тўғноғич, 44 дона тилла зинжирли билакузук, 29 дона бўйинга тақиладиган тилла занжир ҳамда 6 дона кичик тилла занжирни ўғирлаб кетган.
Жазо
Қилмиши фош бўлгач, М.С. ўзида сақлаб келган тилла тақинчоқларни эгасига қайтарган. Бироқ айримларини сотиб юбориб, жабрланувчига 56 млн 416 минг сўмлик зарар етказган.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2024 йил 2 июлдаги ҳукми билан М.С. Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда ўғирлик қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жабрланувчига етказилган 56 млн 416 минг сўм зарарни ундириш белгиланган.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”