15:56 / 16.08.2024
117

Фарзандларини ноқонуний диний таълимга берган ота-оналарни жазоловчи қонун маъқулланди

Фарзандларини ноқонуний диний таълимга берган ота-оналарни жазоловчи қонун маъқулланди
Сенатнинг 55-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини яна-да мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ҳуқуқ-тартибот органлари олиб борган ўрганишларда 2021-2023 йиллар мобайнида ноқонуний диний таълимотдан сабоқ бериш билан боғлиқ 2 457 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Уларнинг 1 479 таси «ҳужра» шароитида ташкил этилган бўлиб, уларда таҳсил олаётганларнинг 60 фоизини вояга етмаганлар ташкил этган.

Шунингдек, сўнгги 3 йилда диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилган вояга етмаган шахслар сони 4 бараварга ошган.

«Мамлакатимизда диний таълим масаласи амалдаги қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда ва ундан олдинги қонунларда диний профессионал таълимнинг ҳуқуқий асослари қатъий белгиланган. Хусусий тартибда диний таълим билан шуғулланиш қонунга хилоф ҳисобланади», – дейилади Сенат хабарида.

Муҳокама этилаётган қонун юқорида қайд этилган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, ота-оналар ҳамда уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг болаларни ўқитиш, таълим ва тарбия беришга доир мажбуриятларини бажариш борасидаги масъулиятини кучайтириш, шунингдек болаларнинг билим олиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилганлиги алоҳида таъкидланди.

Мазкур Қонун билан «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб қилишга йўл қўймаслик, шунингдек ушбу қонунчилик талабига риоя этмаганлиги учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шу билан бирга Қонунда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ўз болаларини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳуқуқи аниқ баён қилинмоқда. Мазкур норма Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 18-моддасида белгиланган қоидалар асосида киритиляпти.

Қонуннинг қабул қилиниши болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга, уларнинг комил инсон бўлиб етишишига, турли оғир жиноятлар ва диний экстремистик ғоялар қурбонига айланишининг олдини олишга хизмат қилиши сенаторлар томонидан таъкидланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарзандларини ноқонуний диний таълимга берган ота-оналарни жазоловчи қонун маъқулланди