17:48 / 20.08.2024
105

ИИББ масъули онлайн фирибгарлик ҳақида: “Сенга 3 млн доллар мерос қолдираман дейди”

ИИББ масъули онлайн фирибгарлик ҳақида: “Сенга 3 млн доллар мерос қолдираман дейди”
Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати масъули Жамолиддин Насимов “Дарё” журналисти билан суҳбатда бугунги кунда ахборот технологиялари соҳасида жиноятлар сони сезиларли даражада кўпайганини айтиб, аҳоли бундай жиноятлар домига тушмаслик учун нималарга эътибор қаратиши хусусида гапириб берди.

Масъул журналистнинг “одамларга тармоқлар орқали алоқага чиқиб, катта мерос қолдирилаётгани, энг қизиғи ўша мерос эгаси хориждаги қайсидир давлатда яшашини, тез орада соғлиғидаги муаммо сабаб вафот этиши мумкинлигини айтиб, меросини ўзбекистонликка қолдиришни ваъда беради. Ўша меросни қабул қилиб олиш учун қанчадир миқдорда пул ўтказиши кераклиги, божхона тўловларини амалга ошириши лозимлиги ҳақида топшириқ беради. Кўп ўтмай эса, юртдошимиз катта миқдордаги пулга чув тушганини англаб етади. Хўш, шундайин фирибгарликларни олдини олиш учун нима қилиш керак”, деган саволига қуйидагича жавоб берди.

Жамолиддин Насимов.
Фото: “Дарё”

"Интернетда катта-катта ваъдаларни эшитаётган одам ўйлаб кўриши керак-да, ота-онам Ўзбекистондан. Ўзим шу юртда туғилдим. Англияда ёки бошқа бир хориж мамлакатида менга мерос қолдирадиган танишим йўқ. Нега бунча пул ваъда қилиняпти. Тағинам 3 миллион доллар ҳақида сўз боряпти деб ўйлаб кўриши керак. Айтишади-ку, текин пишлоқ қопқонда бўлади деб", — дейди Жамолиддин Насимов.

Масъулнинг билдиришича, фирибгарлар ваъда қилаётган катта миқдордаги пул тармоқ фойдаланувчиларни чалғитиб қўяди ва унинг домига тушишига олиб келади.

"Сизга 3 миллион доллар мерос қолдирмоқчи бўлган одам, шуни жўнатиш учун 3 минг доллар тополмайдими? Шунақа ваъдаларни эшитаётган одам шу каби текширувчи саволларни ўзига бериб, яхшилаб ўйлаб кўриши керак-да. Шунақа вазиятда алданиб қолаётганларни кўриб, баъзида на кулишингни ва на йиғлашингни биласан", — дейди Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати вакили.

Жамолиддин Насимовнинг қўшимча қилишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси қошида айнан ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ташкил этилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИББ масъули онлайн фирибгарлик ҳақида: “Сенга 3 млн доллар мерос қолдираман дейди”