14:57 / 11.09.2024
91

Яна бир ўзбекистонлик вагнерчига ҳукм ўқилди

Яна бир ўзбекистонлик вагнерчига ҳукм ўқилди
Фото: Евгений Биятов / РИА Новости
Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ёлланган ўзбекистонлик эркакка ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1976 йилда туғилган Б.З. ишлаш учун Россияга борган. Аввалига турли жойларда ёлланма ишчи бўлиб ишлаб юрган эркак ижтимоий тармоқлардаги эълон орқали «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ёлланган.

У «Вагнер»нинг Cаll маркази билан суҳбатлашиб, 240 минг рубл ойлик иш ҳақи берилиши, қаерга бориб кимларга мурожаат қилиниши тўғрисида маълумотлар олган. Сўнгра “Новосибирск-Краснодар” йўналишидаги поездда Краснодар шаҳрига борган ҳамда ўша ҳудуддаги ҳарбий базага бориб, ўз ихтиёри билан Украинада бўлаётган қуролли тўқнашувларда Россия томонидан иштирок этиш бўйича шартнома тузган.

Шартномада «Вагнер» Б.З.га 240 минг рубл ойлик маош бериш, ҳарбий кийим ва қурол билан таъминлаш, жанговар тайёргарликдан ўтказиш, шахсий хавфсизлигини таъминлаш, қуролли тўқнашувларда ўлган тақдирда мурдасини яшаш манзилига юбориш ва хизмат ҳақини яқин қариндошларига етказиш мажбуриятини олган. Б.З.га эса ички тартиб интизомга қаттиқ риоя қилиш, берилган топшириқни инкор қилмай бажариш, бошқа ҳарбий хизматчилар тўғрисида маълумотларга қизиқмаслик, қуролли тўқнашувларда ортига қайтган шерикларини отиб ташлаш мажбуриятлари юклатилган.

Б.З. ёлланганидан сўнг 21 кун ҳарбий тайёргарликдан ўтган. Кейин Луганскдаги, Белоруссиядаги ва Россиянинг Подолск шаҳридаги ҳарбий базада хизмат қилиб, ҳарбий ҳаракатларда қатнашган. У ҳарбий ҳаракатлардаги иштироки учун Донецк Халқ Республикаси раҳбарининг “За освобождение Артемовска” номли медали билан тақдирланган.

Асли касби новвой бўлган Б.З. 2023 йил 20 сентябр куни Подолск шаҳрига олиниб келинган ҳамда унга Россия Федерацияси фуқаролигини олиш таклиф қилинган. Бироқ у буни рад қилгач, «Вагнер» томонидан шартнома бир томонлама бекор қилинган. Эркак 2023 йил 24 сентябр куни Ўзбекистонга қайтиб келган.

Б.З. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, бу ишга шароити оғир бўлгани учун қўл урганини айтган.

Ногирон турмуш ўртоғим, онам, синглим ва уч фарзандим, жами етти киши икки хонали уйда яшаб келамиз. Оилада ёлғиз боқувчиман. Ишлаб пул топиб, каттароқ уй сотиб олиш учун 2022 йилнинг 24 сентябр куни автобусда Россиянинг Новосибирск шаҳрига бордим. У ерда 2023 йилнинг 20 май кунига қадар иссиқхонада ишчи бўлиб ишладим.

Кунларнинг бирида Telegram’да “Вагнер”нинг каналини кўриб қолдим. Унда хизмат қилсам 240 минг рублдан ойлик, 21 кун ҳарбий тайёргарликдан ўтиш жараёнида эса 45 минг рубл беришни айтишгани учун уларнинг таклифига рози бўлдим.

Краснодар шаҳридаги ҳарбий базага бориб, шартнома туздим. Сўнгра менга ҳарбий кийим, шартли ном ва Т-4949 рақамли жетон, қурол омборига олиб кириб автомат беришди. Инструктор ҳаммани бир жойга йиғиб, ички тартибни тушунтирди. Ички тартибга бир-бирларимиз тўғрисидаги маълумот билан қизиқмаслик, шахсий маълумотларни айтмаслик, фақат шартли ном билан мурожаат қилиш, ҳеч қандай алоқа воситаларидан фойдаланмаслик, жанг вақтида шериклар ортга қайтса отиб ташлаш, жанг вақтида ярадор бўлган шерикларни ҳар қандай ҳолатларда олиб чиқиб кетиш, тинч аҳоли билан гаплашмаслик ва бошқа мажбуриятлар киритилганди.

21 кун давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтдик. Шу вақтда “Вагнер” раҳбарлари ва Россия Федерациясининг мудофаа вазирлиги ўртасида келишмовчилик бўлди. Тахминан 25 июн куни "Адолат марши" қилиниб, “Вагнер” ҳарбий хизматчилари Москва шаҳрига юриш қилишди. Шу вақтда мен ва шерикларим ҳарбий хизматчиларга озиқ-овқат, тиббий анжомлар, ҳарбий кийимлар, ўқ-дорилар етказиш билан шуғулландик. Ўқ отишга ҳеч қандай топшириқ бўлмагани сабабли қуролдан фойдаланмадик
”, деган З.Б. ўз кўрсатмасида.

Шунингдек, у “Адолат марши”дан кейин Белоруссиядаги ҳарбий базада хизмат қилганини, 20 сентябр куни уни ва бошқа шерикларини автобусда ҳарбий колонна қилиб, Россиянинг Подолск шаҳрига олиб келганини маълум қилган.

Ким хоҳласа Россия фуқаролигини олиши мумкинлигини, паспорт тайёр бўлгунига қадар, шу ерда яшаб туришимизни айтишди. “Вагнер”нинг тажрибали ҳарбий хизматчилари Африка йўналиши бўйича юборилди. Бу орада “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин вафот этгани сабабли шартномаларимиз муддатидан аввал бекор қилинди. Агар ким Россия фуқаролигини олса, Африка давлатларидаги жанговар ҳаракатларга жалб қилиниши айтилди.

Мен фуқаролик олмаслигимни, Ўзбекистонга қайтишимни айтдим. Менга 467 минг рубл иш ҳақи ҳисоблаб беришди
”, деган З.Б.

Суд ҳукми билан З.Б. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Яна бир ўзбекистонлик вагнерчига ҳукм ўқилди