13:04 / 16.09.2024
89

Раъно Шодиева саратондан тузалишига 500 минг доллардан кўпроқ пул кетганини айтди

Раъно Шодиева саратондан тузалишига 500 минг доллардан кўпроқ пул кетганини айтди
Жигар саратонидан тузалган таниқли актриса Раъно Шодиева блогер Жаҳонгир Латиповга берган интервьюсида касаллик қандай бошлангани, даволаниш харажатлари ҳамда айни пайтдаги аҳволи ҳақида сўзлаб берди.

Фото: Instagram
— Ёзда ўғлимнинг тўйини қилдик, кейинги ой қизимни турмушга узатдим. Эр-хотин роса хурсанд эдик. Энди саёҳат қиламиз биргаликда, мазза қилиб яшаймиз, кичкинамизни катта қилиб, деб ўйлагандик. Тўйдан икки ой ўтгач, Москвада кар-соқовларнинг катта конференцияси бўлиб ўтди. Ўша ерга бориб қайтаётганимда, самолётга қадам қўйишим билан жуда ёмон хуруж бўлди. Қорнимни худди қаттиқ жисм кесиб юборгандек оғриқ бўлди. Самолёт ичида ҳушимдан кетиб йиқилдим. Бир пайт ўзимга келсам, мени рейсдан қолдирмоқчи бўлишган экан. “Ўлсам ҳам, учиб кетаман”, деб туриб олдим. “Нима бўлишидан қатъи назар, учаман, аҳволимга ўзим жавобгарман”, деган мазмунда тилхат ёзиб бердим.

Тошкентга кечаси келдик, эрталаб туриб клиникага бордик. Жигаримни УТД қилган шифокор “Опа, охирги марта қачон ўзингизни текширтиргансиз?”, деб қолди. “Тўйдан олдин”, деб жавоб бердим. Шифокор менга зудлик билан онкология шифохонасига боришим кераклигини айтди. Жигаримнинг 50 фоизидан кўпроғи зарарланишга улгурган экан. “Жигар саратони учинчи босқичдан тўртинчи босқичга ўтаётган экан. Кун сайин эмас, соат сайин ўсяпти”, дейишди.

Юқоридаги танишларга чиқиб, Германияга кетмоқчи бўлдик. Сенат раиси, устозим Танзила Камаловна “Раъно, Германияга энг тез виза етти кунда чиқади”, дедилар. Шунда интернет орқали Германия, Туркия, Россия шифокорлари билан консилиум қилдик. Туркиядаги шифокор “Қайси клиникани танласанг ҳам, сен кеча келишинг керак эди, тезроқ ҳаракатингни қил”, деди. Шундан сўнг зудлик билан Истанбулга учиб кетдик. Туркиядаги шифокорим Германиядаги мен танлаган клиникамда узоқ йиллар ишлаб келган экан. У “Хавотир олма, Германияни шу ерга кўчириб олиб келганман. Сенда 100 фоиздан 1 фоиз имкониятинг бор”, деди. Мен эса “Курашаман, курашмасдан қандай кетаман бу дунёдан?”, деб ўйладим.

Фото: Instagram
Даволанишга қанча пул кетгани ҳақида

— Саратондан даволаниш жуда қиммат. Икки йилини ҳисобласангиз, битта операция 37 минг доллар, яна биттаси 42 минг, 25 минг, энг арзони 15 минг доллар бўлса керак. Ундан кейин реабилитация, химия муолажалари. Ҳар битта химиянинг олиб келиниши машаққатини кўрсангиз, у дорилар Ҳиндистондан олиб келинарди. Ҳали Ўзбекистонга рухсат берилмаган. Биз юқоридан рухсат олганмиз. Ҳалигача миннатдорман, мени жуда кўпчилик яхши кўраркан. Божхонада ҳам онколог шифокорим кириб, ўзи шахсан доримни қабул қилиб оларди. Мен ўша пайтда 21-асрда яшаётганимни ҳис этдим. Дунё тиббиёти жуда ривожланиб кетган, инсон ҳаётини сақлаб қоладиган космик, ақлли дорилар бор.

Туркияда даволанишнинг сўнгги кунларида касалхонадан чиқаман, деганимда клиника менга яна 83 минг доллар ҳисоб чиқариб берди. Ўшанда бунча пулни қаердан топамиз, деб ўйлаганмиз. Турмуш ўртоғим “Машинани сотамиз, уни сотамиз, буни сотамиз”, деб режа қилди ва ўша пулни топди. Даволанишимга 500 минг доллардан кўпроқ пул кетди.

“Бир ой тинмай йиғладим”

— Тузалганимдан кейин анча пайт тушкунликка тушиб қолдим. Чунки хаёлимда яна қайталансам-чи, энди бу қийинчиликларга чидай олмасам-чи, деган ўйлар айланди ва бир ой давомида тинмай йиғлаб юрдим. Кейин ушбу ҳолатим ҳақида шифокоримга айтганимда у менга антидепрессант ёзиб берди. Уни ичиб, яхши бўла бошладим. Кейин сёмкаларимга қайтдим, мен драматик актрисаман-ку, ўшанда сёмкаларимга чиққанимда йиғлаш керак бўлган кадрларда йиғлолмай қийналдим. Чунки антидепрессантлар ичганимда фақат кулиб юришга ўрганиб қолган эканман. Яна шифокоримга қўнғироқ қилдим, у эса дори ичишни тўхташимни айтди.

Фото: Instagram
Жаҳонгир Ортиқхўжаевга миннатдорчилик

— Пулни қаердан олишни билмай бошимиз қотиб турганида Жаҳонгир ака Ортиқхўжаев турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилиб, ёрдам беришларини айтдилар. Шундан кейин Туркиядаги муолажаларим бошланиб кетди. Мен Истанбулдаги клиникада даволанаётганимда мендан бошқа яна кўплаб одамларнинг даволанишига Жаҳонгир ака ёрдам берганидан хабар топдим. Улар бир неча юз минг долларлик операцияларга ҳомийлик қилган эканлар. Менга ҳам жуда яхши шароит қилиб бердилар, ўғлим ва куёвим Истанбулда ёнимга боришганида уларга ҳатто такси ҳам қилиб бердилар. Улардан жуда ҳам миннатдорман.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Раъно Шодиева саратондан тузалишига 500 минг доллардан кўпроқ пул кетганини айтди
ePN