18:58 / 17.09.2024
203

Ботир Қодиров ва Жўраевлар ишини кўрган судья бўйича турли таъна билдираётганларга чора кўрилади

Ботир Қодиров ва Жўраевлар ишини кўрган судья бўйича турли таъна билдираётганларга чора кўрилади
Фото: Коллаж
Судьялар олий кенгаши Ботир Қодиров ва Жўраевлар ишини кўрган судья шаънига номаъқул ва асоссиз таъналар билдираётганларга чора кўрилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, Ботир Қодировнинг жавобгарлар – Жўраевларга нисбатан “оталик фактини белгилаш”га доир фуқаролик низоси бўйича суд жараёни бошланганидан то ҳал қилув қарори қабул қилингунича керагидан ортиқ муҳокамалар бўлди.

Ижтимоий тармоқдаги муҳокамалар суд қарори қабул қилинганидан кейин ҳам давом этиб, энсани қотирадиган даражага етдики, бу ҳақда икки оғиз гап айтишнинг ўзи ортиқча, аслида. Бироқ суддан кейин тарафлар ва уларга хайрихоҳлар ўртасидаги “виртуал мусоҳабаларда” ишни биринчи босқич судида кўриб чиққан судья шаънига номаъқул ва асоссиз таъналар айтиш ҳолатлари ҳам учрамоқда, дейилади Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати баёнотида.

Хусусан, блогер Жасур Ҳамроев ижтимоий тармоқ орқали чиқишида даъвогар “қўли узун экани” ҳақидаги гапини эслатиб, гўёки “... унинг узун қўллари судьягача етиб боргани”ни очиқ иддао қилгани келтириб ўтилган.

Бундан ташқари судья томонидан марҳум санъаткор вафоти санасини нотўғри айтилгани-ю, суд қарорини ўқиш пайтидаги бир оз ҳаяжонини “бу не кўргулик?!” деб, вазиятни бўрттиришга урингани кўринади. Энг ёмони, унинг иддаолари иш бўйича жавобгар тарафнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифа ва каналларида тарқатилаётгани натижасида судьянинг холислиги борасида турли шубҳалар эҳтимолини пайдо қилмоқда”, дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, бир неча ой давом этган процесс, бу даврда тармоқлардаги адоқсиз муҳокамалар, уларда ҳатто тор доирада айтилиши мумкин бўлмаган гаплар баралла айтилиб, кенг оммада турли қарашлар шакллантиришга қаратилган ҳаракатлар судга нисбатан ижтимоий босим пайдо қилиб бўлганди.

Судьялар олий кенгаши кимнингдир гўёки “узун қўллари судьягача етиб борган”ига оид таъна ва иддаоларга ҳуқуқий баҳо беришга эҳтиёж мавжуд, деб ҳисоблайди ҳамда бу борада ваколати доирасида лозим чоралар кўрилишини билдирди.

Ушбу баёнот қабул қилинган суд қарори бўйича кенгаш нуқтайи назари ҳисобланмаслиги, шунингдек, суд қароридан норози тараф томонидан юқори суд инстанциясига шикоят берилишига ҳам монеълик қилмаслиги қўшимча қилинди.

Хонанда Ботир Қодиров Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевлардан оталикни белгилашни талаб қилиб апрель ойида судга ариза берганди. 11 сентябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида даъво аризаси кўриб чиқилиб, Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг ўғли экани тасдиқланди. Хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев суднинг ҳал қилув қароридан норози эканини билдириб, апелляция шикояти киритишини айтди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ботир Қодиров ва Жўраевлар ишини кўрган судья бўйича турли таъна билдираётганларга чора кўрилади