10:35 / 04.11.2024
35

ДХХ Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйди

ДХХ Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйди
Фото: Видеодан кадр
Тошкент шаҳрида яшовчи 32 ёшли ва 26 ёшли фуқаро тожикистонлик наркокурерлар томонидан айланма йўллар орқали олиб келиниб, Қуйи Чирчиқ туманидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 1 кг 834 гр гашиш моддасини қабул қилиб олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бошқа ҳолатда эса Сурхондарё—Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Nexia Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида тўхтатилди. Унда Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 38 ёшли фуқаро бошқарувидаги автомашинада 33 ёшли муқаддам судланган шахс йўловчи сифатида кетаётганлиги маълум бўлган.

Холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашинанинг орқа эшиклари ички қисмига 1 кг гашиш яшириб қўйилганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Улар Тожикистондан келтирилган моддаларни Сурхондарёда қабул қилиб олишган ва уни сотишни режалаштиришган.

Денов ҳамда Сариосиё туманларида яшовчи 30 ёшли, 29 ёшли ва 27 ёшли фуқаролар ҳам 985 гр гашишни Nexia русумли автомашинада Тошкент шаҳрига олиб кетаётган вақтларида Зангиота туманида тўхтатилган. Терговга қадар текширув давомида ушбу гиёҳвандлик моддалари ҳам тожикистонлик наркокурерлар томонидан айланма йўллар орқали олиб келингани аниқланган.

Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда Янгийўл тумани ҳамда Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи 37 ёшли, 29 ёшли ва 28 ёшли 3 нафар фуқаро Қўқон шаҳрига бориб, ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган наркосавдогардан 168 гр гашиш ҳамда 722 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 43 миллион сўмга сотиб олиб, доимий яшаш манзилларига қайтиб келаётган вақтларида қўлга олинган.

Ушбу гиёҳвандлик воситалари мамлакатга Қирғизистондан олиб келинган.

Яна бир ҳолатда эса Фарғона—Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti Оҳангарон шаҳри ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада унда автомашинани бошқариб кетаётган Транспорт назорати инспекцияси инспектори ҳамда 49 ёшли ва 34 ёшли, муқаддам кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганликлари учун судланган 2 нафар йўловчига тегишли 826 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Улар Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган ушбу дори воситаларини Қўқон шаҳрида яшовчи фуқародан 22 миллион 500 минг сўмга сотиб олишган.

Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ДХХ Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйди