Кўринишидан ёғоч ўймакору наққош ва заргарлар томонидан жило берилган мафтункор тахт оддий санъат асарига ўхшайди. Бугун уни сайёҳ сифатида Бухоро, Хива ва Қўқонга бориб, бемалол томоша қила оласиз. Аммо давлат тузуми феодал монархияга асосланган ўтмиш даврларда, саройнинг қоқ ўртасида турган тахтга фақат ҳукмдоргина ўтира оларди...
Ҳеч бир сир-синоати йўқ тахт фақат бугун кўзингизга ноёб санъат асари сифатида мафтункор туюлади. Аммо ҳар бир воқеа-ҳодиса ана шу тахтда ўтирган кимсага боғлиқ бўлган даврларда ота билан бола, оға-ини, қариндошлар ўртасида даҳшатли жангу жадаллар кечган. Минг чиранмасин, бир кун бўлса-да тахтга ўтириш насиб этмаган ёки атиги бир ҳафтагача тахтда ўтирган ҳукмдорлар кўп. Аммо тахт талашган тўралар туриб, четдан келган ва кимнингдир паноҳида ҳукмдорликни қўлга киритган шахслар ҳам бўлган. Шулардан бири Иброҳим хаёл эди.
Маълумки, Бухоро амири Насруллохон Қўқон хонлигини босиб олгач, 1842 йил 6 май куни Қўқон хони Мадалихонни, ўғли ва укаси ҳамда онасини қатл эттиради. Тахтга эса ўзбекларнинг манғит уруғидан бўлган, Амир Насруллохон саройида парвоначи лавозимида хизмат қилаётган Иброҳим чиқади. Шу тариқа Қўқоннинг ўзидаги минг уруғидан бўлган тахт талашаётган тўралар қолиб, бухоролик киши хонликни бошқара бошлайди.
Иброҳимхон ўша вақтда халқ ўртасида Тарёкий ёки бошқача айтганда, Иброҳим хаёл номи билан машҳур эди. Қўқон тахтида ўтирган хоннинг хаёл лақабини олишига унинг кўкнори ҳамда нашага қаттиқ ружу қўйганлиги сабаб эди. Амир Насрулло унга ҳукмронликни ишониб топшириб Бухорога қайтгач, тахтда ўтириш тушига ҳам кирмаган Иброҳим хаёл энди бангиликка берилиб кетади. Амалдорларнинг турли ишлар билан саройга келавериши Иброҳим хаёлнинг кайфини бузар, ҳаётининг бош мақсади бўлган бангиликка қаттиқ халал берарди. Алал оқибат у барча давлат ишларини амалдорларига топшириб, ўзи севган машғулот билан шуғулланди. Бу пайтда банги ва амалдорларнинг зулмидан безган халқ қашшоқлик ҳолатида эди.
Тарихчи Мулла Олим Маҳдум Ҳожи «Тарихи Туркистон» асарида ёзганидек, «Иброҳим хаёл беҳайрона ҳукмлар қилиб, аҳволнинг таъайюр ва табдилиға сабаб бўлубдур».
Кечагина урушдан чиққан хонлик аҳолисига нисбатан зулмнинг кучайгани, солиқларнинг оширилиши, халқ мол-мулкининг талон-тарож қилиниши қўқонликларнинг сабр-косаси тўлишига олиб келди. Натижада Иброҳим хаёлнинг аскарларини чекка-чеккада ушлаб ўлдириш, исёнлар бошланиб кетди.
Бу пайтда Иброҳим хаёл кўкнор ва наша кайфида тахтда ўтирар, банги хон амалдорлари бундан фойдаланиб бойиш илинжида халқнинг сўнгги нонигача тортиб оларди. Шу тариқа халқ сабри тўлиб исён бошлагач, кайф оғушидаги Иброҳим хаёл жонини афзал деб билиб, тахтни ташлаганча Қўқондан бир кечада чиқиб кетди.
Эътиборлиси шундаки, Иброҳим хаёл хазинадан бирор нарсани ўмаришни, мол-мулк олиб кетишни хаёлигаям келтирмай, сарой амалдорларига ҳам индамай, бухоролик уч-тўрт ҳамроҳи билан қумга синган сувдек беному нишон ғойиб бўлди. Унинг Қўқон тахтидаги ҳукмдорлиги 1842 йил 6 майдан 23 июлгача давом этган эди, холос.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди