13:24 / 24.11.2024
1

Ўзбекистонда 1 декабрдан уй-жойни таъмирлаш учун кредитга аризалар қабул қилинади

Ўзбекистонда 1 декабрдан уй-жойни таъмирлаш учун кредитга аризалар қабул қилинади
Ўзбекистонда уй-жойни яхшилаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредити ажратиш учун аризалар қабули 1 декабрдан бошланади. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар берди.

Ушбу кредит якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун 20 йилгача муддатда ажратилади. Бунда дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун кредит муддатининг биринчи беш йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.

Уни олмоқчи бўлганлар қаерга мурожаат қилиши керак?

Кредит “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида “Онлайн маҳалла” платформасида камбағалликдан чиқариш индивидуал дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ажратилади. Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлганлар ушбу дастурга киритиш ва ипотека кредитини ажратиш бўйича тавсия олиш учун “маҳалла еттилиги”га мурожаат қилиши лозим. Ариза улар томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилади ва тавсия берилиши ёки уни беришни рад этиш сабаби кўрсатилган ёзма хулосаси тақдим этилади.

Тавсия беришни рад қилишга қуйидагилар асос бўлади:
  • ариза берувчининг оиласи дастурга киритилмаган бўлса;
  • ариза берувчининг уй-жойи шароитини яхшилашга муҳтож ҳисобланмаса;
  • ариза берувчи шахс ёки унинг турмуш ўртоғи мазкур имтиёздан аввал фойдаланган бўлса;
  • ариза берувчи шахс давлат томонидан аввал берилган ижтимоий ёрдам ва кўмаклардан мақсадсиз фойдалангани тўғрисида тегишли ташкилотларнинг маълумотлари мавжуд бўлса.

Турар жойи ночор аҳволдаги оилаларга ўз ҳовлисида уй қуриш ва таъмирлашга 120 миллион сўмгача ипотека кредити ажратилиши ҳақида Шавкат Мирзиёев 12 март куни ўтказган йиғилишда маълум қилинганди. 2 май куни президентнинг тегишли фармони имзоланди.

Фармонга мувофиқ, 2024 йилги дастур доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — 12 фоиздан ошган қисмига, 2025 йил ва ундан кейинги йиллар дастурлари доирасидаги кредитлар бўйича эса — Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошган қисмига тўланади.

Бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — 2024 йилги дастурдан бошлаб қатъий белгиланган 30 миллион сўм миқдорида тўланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда 1 декабрдан уй-жойни таъмирлаш учун кредитга аризалар қабул қилинади