14:34 / 24.11.2024
7

Ўзбекистонда тадбиркорлар учун айрим маъмурий жавобгарликлар бекор қилинади

Ўзбекистонда тадбиркорлар учун айрим маъмурий жавобгарликлар бекор қилинади
Ўзбекистонда “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади.

Шу санадан бошлаб “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими жорий этилади. Электрон тизимда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст, ўрта ва юқори даражаларга таснифланади. Хавф даражаси паст бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилмайди.

2025 йил 1 январдан қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади:
  • фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш;
  • мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш;
  • ходимлар сонини яшириш.

2025 йил 1 мартдан бошлаб судда иш юритиш тарафлар келишув битими тузгани сабабли тугатилганда, давлат божи биринчи инстанция судида — 70 фоизи, апелляция ва кассацияда — 30 фоизи қайтариб берилади.

Фармон билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартиби жорий этилади.

Бунда текшириладиган тадбиркорлик субъекти аниқ бўлмаган ҳолатларда, текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида бизнес-омбудсман хабардор этилади.

Тадбиркорлар ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш

Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишганди. Унда 2025 йил 1 январдан битта ҳуқуқбузарлик учун битта жавобгарлик чорасини белгилаш режалаштирилаётгани, жумладан, тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилиниши маълум қилинганди.

Низолар ҳал қилинишини енгиллаштириш мақсадида 2025 йил 1 мартдан судда иш юритиш тарафлар келишуви билан тугатилганда давлат божининг бир қисмини қайтариб бериш тартиби жорий этилиши ҳам айтиб ўтилганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда тадбиркорлар учун айрим маъмурий жавобгарликлар бекор қилинади