15:00 / 29.11.2024
11

Ўзбекистонда фуқароларга бериладиган пластик карталар сонини чеклаш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда фуқароларга бериладиган пластик карталар сонини чеклаш режалаштирилмоқда
Марказий банк битта фойдаланувчига расмийлаштириладиган банк карталари сонини чеклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 26 ноябрь куни бўлиб ўтган медиа-мулоқотда регулятор раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев маълум қилди, деб хабар берди Spot.

Унинг қайд этишича, ҳозирда Ўзбекистонда фуқаролар битта паспортга очиши мумкин бўлган банк карталари сони қонуний жиҳатдан тартибга солинмаган. Натижада айрим мижозлар юздан ортиқ карталарга эгалик қилишади. Беҳзод Ҳамроев бундай карталардан кейинчалик фирибгарлар пул маблағларини ўзлаштириш схемаларида фойдаланаётганини таъкидлади.

Марказий банк матбуот хизматининг изоҳ беришича, банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олиш, фирибгарлик схемаларида жисмоний шахсларга тегишли ҳисобварақлар ва банк карталари иштирокини камайтириш мақсадида банклар томонидан битта жисмоний шахсга (битта ЖШШИРга) карталар сонини (виртуал ва кобейжинг карталарини инобатга олган ҳолда) вақтинчалик битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бунда ушбу талаб чет эл валютасида очилган банк карталарига нисбатан татбиқ этилмаслиги кўзда тутилмоқда.

Марказий банк маълумотларида келтирилишича, Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 1 ноябрь ҳолатига кўра 54,9 миллионтани ташкил этди. Яъни ҳар бир кишига 1,5 тадан ёки ҳар бир меҳнатга лаёқатли фуқарога 2,8 тадан тўғри келади.
Бугунги кунда банк карталарига эга жисмоний шахсларнинг қарийб 97 фоизида (22 миллион нафар) 5 тагача, 3 фоиз (770 минг нафар) жисмоний шахсда 5-20 гача ҳамда 0,03 фоизда ёки 7 минг жисмоний шахсда 20 тадан ошиқ карталар расмийлаштирилган.

Жисмоний шахслар номига кўп миқдорда очилган банк карталарини таҳлил қилиш жараёнида, ушбу банк карталарининг бир қисмидан (аксарият ҳолатларда карта эгасининг хабари йўқ) фирибгарлик мақсадларида фойдаланилаётгани аниқланган”, дейилади Марказий банк хабарида.

Таъкидланишича, режалаштирилаётган меъёрлар аҳолининг банк карталари орқали тўловларни амалга оширишда ноқулайликлар келтириб чиқармайди ва ушбу талаблар тижорат банкларининг банк карталарини эмиссия қилиш фаолиятини тартибга солишга қаратилган.

Марказий банк бу борада вазиятни мунтазам кузатиб боришини маълум қилди ва ушбу талаблар тўлиқ тайёр бўлгандан кейин журналистлар ва кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилинишини билдирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда фуқароларга бериладиган пластик карталар сонини чеклаш режалаштирилмоқда