12:50 / 13.10.2016
15 032

Кимларга амнистия қўлланилади?

Кимларга амнистия қўлланилади?

12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Сенаторлар ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 23-бандига мувофиқ парламентнинг юқори палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги масалани кўриб чиқишдан бошладилар, дейилади "Qalampir.uz" нашри хабарида.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчининг тақдимномасига мувофиқ, инсонпарварлик тамойилига амал қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси 10-бандига ва 93-моддаси 23-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Қуйидаги маҳкумлар:

а) аёллар;
б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар;
в) 60 ёшдан ошган эркаклар;
г) чет давлатлар фуқаролари;
д) Амнистия тўғрисидаги Қарор кучга киргунга қадар қонунда белгиланган тартибда I ёки II гуруҳ ногиронлари, шунингдек сил касаллигининг фаол шаклига чалинган (диспансер ҳисобида 1 ва 2 гуруҳ) деб эътироф этилган шахслар жазодан озод қилинсин.

Ушбу банднинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида назарда тутилган, шунингдек ўта оғир жиноятни содир этган шахсларга;

тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмасин.

2. Эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинсин.

Ушбу банднинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга;

тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмасин.

3. Озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати уч йилдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар жазодан озод қилинсин.

Ушбу банднинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасида, 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятни содир этган шахсларга;

тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмасин.

4. Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилинсин.

5. Мазкур Қарорнинг 1-бандида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги барча ишлар тугатилсин.

Ушбу банднинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида назарда тутилган, шунингдек ўта оғир жиноятни содир этган шахсларга;

тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан татбиқ этилмасин.

6. Ушбу Қарор асосида озод қилинмайдиган шахсларнинг:

а) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати – учдан бир қисмига;
б) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилсин.

Ушбу банднинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахсларга;

тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмасин.

7. Ушбу Қарорнинг амал қилиши – узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган; афв этиш ёки амнистия тартибида илгари жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмасин.

8. Ушбу Қарорга мувофиқ асосий жазодан озод этилган маҳкумлар қўшимча жазолардан озод қилинмайди.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қўмита ва комиссиялари ушбу Қарорнинг қўлланилиши тартиб-таомилларининг очиқ-ошкора амалга оширилишини таъминлаш устидан бевосита сенаторлар, депутатлар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари иштирокида таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ташкил этсин.

10. Ушбу Қарор амалга оширилиши учун масъулият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилсин.

11. Ушбу Қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради ва уч ой мобайнида ижро этилиши лозим.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кимларга амнистия қўлланилади?