17:07 / 15.01.2025
93

Қиш ва мен ёхуд нима учун қишни ёмон кўраман?

Қиш ва мен ёхуд нима учун қишни ёмон кўраман?
Мен қишни ёмон кўраман. Болалигимда қишда қийналганманми? Ҳамма қатори қалин ёғадиган қорни яхши эслайман. Мўриларадан чиқиб турган тутунлар, чана тойганларимиз, жиққа ҳўл пайпоқда ҳам касал бўлмаслигимиз, тарновдан осилиб тушган сумалак – музни қарсиллатиб еганларимиз, қорбобо ясаганларимиз, қорбўрон ўйнаганларимиз... Эндигина дунёни идрок этаётган бола учун осмондан оқ қор эмас лой тушсин мўъжиза бўлиб кўринаверади, чунки у ўз номи билан болалик.

Бир томондан тутаётган таппини олов олдириш учун онамнинг кўзидан оққан ёшлар, уйимиздан доимо ёнган таппи, кўмирнинг ҳиди келиб туриши, тиқилиб бир уйда ухлашимиз, энг биринчи турган онам то уй исигунча совқотиши... ўйлайман ўша пайтлари онам учун қиш мазза фасл бўлганмикан?

Онам раҳматлининг ёшлигини эслайман, оёғида тош калиш билан музлаб қолган кранни қайноқ сув қуйиб эритгани ва ўша муздай сувда қўлларини куҳ-куҳлаб кир чайганларини, кейин эса қип-қизариб кетган оёғини печка олдида иситгани... Печканинг устида чой қайнарди, овқат, сут пишарди, овқат иситиларди, баъзан сариёғ эритиларди. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Онам совуқда қизариб кетган оёқларини иситиш учун печка тагига тиққанда, энг кичик укам онамга ёпишгани ва онамнинг қўли темир косадаги сариёққа тегиб қайноқ ёғ оёғи устига жазиллаб тўкилгани, онам қишни куйган оёғи билан амаллаб ўтказгани...

Март келиши билан «энди қорлар эришни бошлайди тозза қиш чакамга(жонимга) тегди» дерди, ўша пайтлари болалигимга бориб буни идрок қилмагандирман, аммо ҳозир ҳали қиш ўрталамасдан қишнинг жонимга текканини ҳис қилаяпман.

Мен Ўзбекистоннинг қишини ёмон кўраман. Шаҳарда яшасам ҳам, газ тиқчил бўлмасада, печкага кўзим ачиб ўт қаламасамда ёмон кўраман... Шунча йил яшаб кўп қаватли уйда ҳам, ётоқхонада ҳам, ҳовлида ҳам иссиқдан яйраб яшамадим. Эсимда Чилонзорда тўққиз йил яшаган бетонли икки хонали уйимиз энг тепа бешинчи қават ва чеккада бўлгани учун ҳеч қачон исимасди, темир батарейкалар илимилиқ бўларди. Кейинчалик ҳовлига кўчдик.

Кун совуса газ пасайиб кетиши оддий ҳолга айланди. Пасайиши ва кўтарилиши ҳақида огоҳлантирилмаганимиз нақ ҳаловатимизни ўғирлади. Агар газни пасайтирсак ёки табиий пасайса ҳам ўчади, баланд қилиб қўйсак марказдан ўчирилса ва газ жўнатилганда яна баланд келиб бир пасда газхонамиз газга тўлиб портлаш ва хоналарга тарқалиб бўғилиш хавфи бор. Шунинг учун уч ой эси дардимиз газга қараш: кўтарилиб кетмабдими, пастлаб кетмабдими, ўчиб қолмабдими?

Ва энг хавфсизи кечаси ўчириб қўйиб ухлаш. Эрталаб муздайгина хонада ишга кетишга тайёргарлик. Жунжикиб, то совуқ хонага мослашгунча... жуда нохуш ҳолат. Ишга кетишда уйда ҳеч ким қолмагани боис хавфсизлик жиҳатидан газни ўчириб кетамиз. Ва яна энг ёқимсизи муздай уйга кириб, муздай кийимларни истар-истамас алмаштириш. Болалигимдан нимча кияман, фақат мен эмас жуда кўпчилик. Шу нимчалар кўп қаватли уйдаям, ҳовлидаям бир пасга бўлсада ечилмайди.

Бу нимчаларни ёмон кўраман, ноқулай, қўполллиги ва доим кийиб юришга мажбурлигим учун ва бу нимчаларимни яхши кўраман, мени совуқ уйимда иссиқ сақлаётгани учун.

Мен қишни ёмон кўраман. Сабаби ёғингарчилик бошланиши билан «Ибрат» маҳалласи, Аҳмад Яссавий кўчаси қишин-ёзин ўрдаклар сузса бўладиган кўлмакка айланади. Қор пайтида лой аралаш кир қора қор кечиб юрасиз у кўчадан... Бундай кўчалар афсуски жуда кўп юртимизда.

30 йилдан бери асфальт кўрмаган кўча, бировга айтсанг ишонмайди негадир ён-веримиздаги барча кўчалар асфальт, топ-тоза, фақат бизнинг маҳаллада шу аҳвол, ҳатто аҳоли пул йиғиб ҳам уддасидан чиқолмади. Ушбу маҳаллани телеграм каналида фақат битта мавзу: қачон ахлат ташийдиган машина келади, свет ўчди, газ ўчди, уй совуб кетди...

Мен қишни ёмон кўраман. Чунки қишда ис газидан оилалар ўлиб кетади. Тасаввур қилапясизми, бу йўқотишлар азобини тортаётган тирик қолган қариндошларнинг...

ВВС нашри маълумотига кўра 2020 йил бошидан то 2023 йил сентябрига қадар ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони 421 тага етибди. 2024 йилнинг 26 ноябрига қадар республика бўйича газ билан боғлиқ жами 74 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Яхшиям қиш уч ой.... шу уч ойда шунча ҳалокат.

Қишнинг бундай бахтсиз ҳодисалари билан боғлиқ деярли ҳар бир қишлоқда мудҳиш ҳодиса бор. Одамлар қиш ҳақида эслашса авлоддан авлодга айтиб берадиган ўта қайғули хотиралар сандиғи бор. Қайсидир йилги қишни, совуқни эслаш керак бўлса, газдан портлаган ёки ис газидан ўлган бутун бир бошли оила билан боғлиқ воқеа ҳам эсланади.

Ҳатто бу қайғули воқеалар орасида янги келин-куёвларнинг ҳалокати каби фожеалар бор. Масалан 2023 йил январда Каттақўрғоннинг Олтинсой қишлоғида бир ойлик келин куёвлар вафот этган. Ўтган йилнинг декабрь ойида Тошкент вилоятининг Пискент туманида бир кун олдин тўйлари бўлиб ўтган келин-куёвнинг ис газидан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган. Яъни тун ярмида газ тармоқдан узилган ва қайта ёқилган. Оқибатда, хонага газ сизиб чиққан ва уйқуда бўлган келин-куёв заҳарланиб вафот этган.

Кейин яна Фарғонада уч кунлик келин куёвлар...

Юртимдаги ис гази шу қадар ваҳшийки... Кўпчиликнинг эси дарди қишдан эсон-омон чиқиш бўлиб қолади. Фақат мен эмас, мен каби қанчадан-қанча бедор оналар, бедор бобо-бувилар бор. Оқшомлари бошқа хоналарда ухлаётган фарзандларининг, невараларининг нафас олишига қулоқ соладиган, устига ёпган қалин кўрпалар сал қимирлаб қўйса, унинг ичидаги жон нафас олаётгани қувонтираётганлар. Бизнинг қозонхонамиз, ҳаммомга яқин, ҳатто ҳаммомга кириб қайтиб чиқмаётганлар ҳақидаги хабарлар миямизнинг бир четида тургани учун оила-аъзоларимиздан бири ювинишга кирса ҳаммом эшиги олдига бориб сувнинг ҳар ёққа сачраётганини эшитсак хотиржам бўламиз худди бу тирикликдан даракдек туюлади...

Ҳидсиз, рангсиз ис газидан омон қолганларни яна бир хавф таъқиб қилади, бу газнинг ўчиши ва қайта келиши, билмасдан чироқ ёки гугурт ёқсанг, бир пасда кулга айланиш... 2023 йилнинг охирида Самарқанд вилоятида бобо-буви ва уларнинг вояга етмаган икки набираси вафот этди. Бир эр-хотин энг яқин одамларидан бир кунда айрилди, ҳам ота-онаси, ҳам фарзандлари. Фожеани ўта мудҳиш деб номласак ҳам мудҳиш ибораси камлик қилади, ҳатто даҳшат сўзи ҳам...

Бу фожеани нима деб аташни билмадим. Ота-онаси ва болаларидан ажралган эркак ёки аёлнинг тонги қандай отаяпти, куни қандай ўтаяпти? Портлаш хонадон эгасининг иситиш печини нотўғри ўт олдириши оқибатида келиб чиққан, деб малакаланган. Нотўғри ўт олдириш катта эҳтимол билан газ кечаси пасайиб ўчган ва яна огоҳлантирилмасдан газ жўнатилган ҳолатларда рўй беради. Ўйлаб қоламан мана шундай пайтда газни ўчириш, пасайтириш, баландлатишга масъул ходимлар ўзларини қотилдек ҳис қилмасмикан?

Хабарлар орасида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида газ портлаши оқибатида эр-хотин ва уларнинг ўғли ҳамда қизи вафот этгани ҳам бор. Портлашга хонадонда газ тўпланиб қолиши ва хонадон эгаси буни билмаган ҳолда чироқни ёқиши сабаб бўлган... Савол туғилади, нима улар газни очиб қўйиб ухлаганми?

Интернетнинг Google сўровига ис гази ёки газ портлаши деган саволни беришингиз билан бу сайт худди ўз бағрига онлайн қабрни жойлаштиргандек кўриниб кетади кўзингизга.

Барча хабарлар қўрқинчли ис гази, тутун ичида қолган қўл, одам калла суягига чизилган Х белгиси

Яна бу қиш фаслида музлаган йўлларда ҳалокатли авариялар юз беради. Маълумотларга қараганда айнан ёғингарчилик ва совуқда йўлда ҳалокатлар содир бўлиши кўпаяди...

Мен совуқни ёмон кўраман. Айниқса тунги совуқда, сокин қиш пайтида кўрпага ўраниб ётарканман, хаёлимда қулоғимга мушук боласининг ёки кучукнинг совуқдан аянчли йиғлаётганидек овоз эшитилади, бу овоз то кунлар исигунча тинмайди, эҳтимол кун исигач энди уйсиз ҳайвонлар совқатмайди, деб ўзимни ўзим овутганим учун эшитилмаётгандек бўлар. Ўзимни уларнинг ўрнига қўйиб кўраман. Менку уйим совуқ бўлсаям кўрпага ўраниб исинарман. Аммо уйсиз ҳайвонлар-чи?

Ва бир куни худди шундай кучукнинг ғингшишига ўхшаш овоздан чўчиб уйғондим. Аввалига доимо шуни ўйлаб юрганим учун менга шундай туюлаяпти деб ўйладим. Аммо овоз энди секинлаша ва аянчлаша бошлади. Совуқда ўрнимдан туриш ёқмаса ҳам устимга ўша қадрдон нимчамни кийиб ҳовлига чиқдим, дарвозани очдим не кўз билан кўрайки уйимиз олдидаги суви йўқ ариқчада кичкина кучук боласи қалт-қалт титраб ётарди... Уни уйга олиб кириб иситдим – илиқроқ сут бердим, қалин матога ўраб қўйдим...

Қўй, сигир ва товуқдан бошқа барча ҳайвонлар учун Ўзбекистонда қиш нақ дўзахга айланади, совуқ ва очлик туфайли уларнинг кўпчилиги ўлиб ҳам кетади.

Қуёш бору аммо ер музлаган, совуқ пайтлари одамлар доимо такрорлайдиган мақолни кўп эшитаман: мана шу совуқ эшакни ўлдирадиган совуқ...

Ёзда одамлар ишлатиб, ишлатиб қиш келгач емишни қизғаниб далаларда, тоғларда қолдирилган қанчадан-қанча эшакларнинг совуққотиб ўлганини ўйлайман ва ҳомуза тортаман.

Менинг қишдан кўнглим қолишига яна бир сабаб... Гулларни мен каби яхши кўрадиганлар кўп ва қишда сақлайдиган жойи бўлмагани учун уларни боқишдан ҳафсаласи пир бўлганлар ундан ҳам кўп. Ҳар йили бир неча гулларимни қиш учун қурбонлиққа атайман ва ёзи билан меҳр бериб қаралган гулларимнинг ҳаёти шундай якун топиши ҳар доим ҳам жуда оғриқли.

Умуман олганда Ўзбекистонда қиш одамлар учун ҳам, ҳайвонлар учун ҳам, гуллар, ўсимликлар ва ҳатто иссиқхонаси бор тадбиркор учун ҳам ҳалокатли фасл. Бу ернинг барча тирик мавжудоти, тирик жони борки, қишда шунчаки яшамайди, омон қолиш ҳақида ўйлайди.

Мен қишни янада ёмон кўриб қолдим. Чунки газ ва чироқ учун лимит белгиланди. Бу дегани газ ва чироқдан пулинг бўлсагина мазза қилиб фойдаланасан дегани. Айтайлик яхши ойлик оладиганларга (Ўзбекистонда яхши ойлик оладиганлар ўзи маълум) лимит унчалик ҳам таъсир ўтказмаслиги мумкин, лекин ойлиги оз аҳолиги бу жуда билинади. Айнан кўп болали ёки бир хўжаликда бир неча жон яшайдиган хонадонларда бу катта муаммо келтириб чиқаради. Юқорида айтганимдек ойлиги яхши аҳоли қатламига бу лимитлар билинмаслиги, кўп пул тўласа ҳам газ ва чироқни тежамаслиги мумкин. Аммо айнан оилада ногирони бор, ёш боласи бор, қари ота-онаси бор ва шу сабаблар туфайли ишлашнинг имкони йўқ одамларга бу ўлганнинг устига тепган яъни камбағални туя устида ҳам ит қопгани шу бўлади. Ҳам иқтисодий қийналиш, ҳам совуқдан қийналиш...

Мен қиш фаслини ёмон кўраман... Мен ношукр, қаноатсиз ёки негатив, ёмонлик қидирувчи эмасман, шунчаки қиш фаслини ёмон кўриб қолганман...

Барно Султонова

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият