12:54 / 23.01.2025
322

Машҳур ошхона брендларини шантаж қилиб, пул ундиришда гумонланаётган 3 киши қўлга олинди

Машҳур ошхона брендларини шантаж қилиб, пул ундиришда гумонланаётган 3 киши қўлга олинди
Telegramʼдаги «Nazorat Uz» каналини юритувчилар ошхонада суварак чиққани акс этган видеолар борлигини айтиб, тадбиркордан реклама учун 200 миллион сўмдан ортиқ пул талаб қилган. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан жиноят иши очилгани ҳамда 3 киши қўлга олинганини маълум қилди.

Тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, «Nazorat Uz» номли телеграм канал раҳбари Ж.И. ўз ходимларига тадбиркорларни обрўсизлантиришга қаратилган материаллар йиғишга топшириқ берган.

«Аввалига жамоа вакиллари Тошкент шаҳридаги йирик брендларга тегишли бўлган овқатланиш шохобчаларига мижоз сифатида ташриф буюриб, улардан маҳсулот сотиб олган. Сўнг маҳсулотнинг ичига инсон саломатлиги учун зарарли бўлган нарсалар жойлаштириб, фото ва видео олишган. Шундан сўнг Ж.И. овқатланиш шохобчаси эгалари билан алоқа қилиб, ушбу материалларни Telegram орқали ташлаб берган ва уларни «Nazorat Uz» нашрининг YouTube ва Telegram’даги ресурсларига жойлаштириш орқали эълон қилиш билан қўрқитиб, улардан пул талаб қилган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 2024 йил сентябрь ойида Ж.И. тез ёрдам ходими кийимини кийиб, шаҳар тиббиёт марказига машҳур бренднинг таомларидан оммавий равишда заҳарланган фуқаролар олиб келинганини айтиб, видео қилган ва уларни саҳифасига жойлаштирган.

Маълум қилинишича, канал админлари бундай вазиятдан кейин PR қилиш эвазига 240 миллион сўмлик сохта шартнома тайёрлаб, тадбиркорнинг вакилига ташлаб берган. Улар ҳар ойда шартнома бўйича 40 миллион сўм пул маблағини ўз ташкилоти ҳисоб рақамига ўтказиб беришни талаб қилган. Тадбиркор бренднинг имижини сақлаш мақсадида, октябр-ноябрь ойларида жами 80 миллион сўмни ўтказиб бергани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ "Nazorat Uz" телеграм канали ходимлари товламачиликда гумонланиб, қўлга олинганини тасдиқлади. Маълум бўлишича, 3 нафар фуқарога нисбатан 2024 йил 18 декабрь куни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

«2024 йил 21 декабрда уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, якуни бўйича қўшимча ахборот берамиз», дейилади пойтахт ИИББ маълумотида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият