14:31 / 25.01.2025
173

Миллий гвардияга ўқувчилар учун маъмурий жазо қўллаш ваколати берилмоқда

Миллий гвардияга ўқувчилар учун маъмурий жазо қўллаш ваколати берилмоқда
Фото: Сенат ахборот хизмати
25 январь куни Олий Мажлис Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида «Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.

2024 йил февралдан ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари Миллий гвардия тузилмасига ўтказилган. Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари февраль ойидан ҳозирги кунга қадар 44 минг 450 та ҳолатда «Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик» (МЖтК 47-моддаси) ҳуқуқбузарлиги аниқланиб, ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари орқали маъмурий жазо чоралари қўлланилишини таъминлаган. Шунингдек, ота-оналар томонидан фарзандларини мактабга юбормаслик ҳолатлари бўйича 175 мингга яқин огоҳлантириш хатлари ёзилган.

«Бугунги кунда 1 нафар инспектор-психологга мактаблардаги бола сонидан келиб чиқиб 3 тадан 10 тагача мактаб тўғри келмоқда. Ўтган йилда мактаблардаги давомат кўрсаткичи 50 фоиз бўлган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 90-95 фоизни ташкил қилмоқда.

Бироқ инспектор-психологлар томонидан вояга етмаган ҳуқуқбузарнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жазо чораларини қўллаш учун таянч пункти профилактика инспекторининг олдига олиб бориб, маъмурий жазо чоралари қўлланилиши – инспектор-психологларнинг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ортиқча вақт сарфлашига ҳам сабаб бўлмоқда», — дейди сенатор Рустам Калонов.

Шу сабабли қонун билан Миллий гвардия ва ИИВ ваколатларига доир Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248 ҳамда 248-1 моддаларига ўзгартириш киритилмоқда. Хусусан, Миллий гвардия органлари, шу жумладан унинг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига МЖтКнинг 4 моддаси бўйича маъмурий ишларни кўриш ваколати берилмоқда:
  • Болаларни тарбиялаш ва таълим бериш борасида мажбуриятларини бажармаслик (47-модда);
  • Жамоат жойларида сигарет чекиш (56-1-модда);
  • Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш (187-модда 1-қисми);
  • Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш (188-модда) назарда тутилган маъмурий ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллаш ваколати берилмоқда.

Шунингдек, бу ваколатлар ИИВ нинг вояга етмаганлар бўйича инспектор-психологларнинг ваколатларидан чиқариб ташланиши назарда тутилган. Сенаторларга кўра, қонун Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига мувофиқ келади ҳамда бюджетдан қўшимча харажатлар талаб қилмайди.

Сенат қонунни маъқулланди. Ҳужжат президент томонидан имзолангач кучга киради.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият