15:57 / 29.01.2025
730

Хорижда ишлаб пул жўнатаётган аёлнинг эри машинали бўлди ёхуд ўлиб бораётган ғурур...

Хорижда ишлаб пул жўнатаётган аёлнинг эри машинали бўлди ёхуд ўлиб бораётган ғурур...
Ҳар доимгидек ишда ишлаб ўтирибман. Турмуш ўртоғимдан хабар келди. «Фалончи опа шифохонага тушиб қолибди. Япон тилини унча яхши билмагани учун бориб таржимонлик қилиб келсам майлими?» деган мазмунда. Бориб келди.

Қайтгандан кейин телефонда вазиятни сўрадим. Ёши 30 дан ўтган икки нафар фарзанди бор аёл. Токиода Япон тили мактабида ўқиб ишлайди. Кечаси 23:00 дан эрталабки 8:00 гача дўконда ишлайди. Дўкондан чиқиб ўқишга боради. Ўқиш 13:30 да тугаб, 15:00 дан 22:00 гача бир корхонада ишлайди. Тасаввур қилаяпсизми? Ухлаш, дам олиш деган нарсаларга вақт йўқ. Бунақа режимда ҳар қандай одам касал бўлиб йиқилиши табиий!

«Бечора турмуши ўхшамай фарзандларини оёққа қўйиш учун бир ўзи ҳаракат қилаяпти экан-да, отаси, акаси йўқмикан?», деб ўйлаб турсам, эри ҳам бор экан. Ногирон ҳам эмас, руҳий касал ҳам эмас, тўрт мучаси соғ эри бор экан. Шу гапни эшитдим-у, тамом бўлдим. Хотин Японияда қулдек ишлаб пул жўнатаяпти, эр Ўзбекистонда болалари билан қолиб муддатли тўловга уй, машина олиб ялло қилиб юрибди.

Қайнона-қайнота: «Келин, сиз уддабуронсиз. Эрингиз сал оғир ишларга бўлмайди», деб Японияга жўнатишибди. Лолман! Эшитишимча, биргина Японияда бунақа тақдирлар бир нечта эмиш. Россия, Туркияларни гапирмай қўя қолай.

Ия, орият масаласи нима бўлаяпти эркаклар? Ғурур нима бўлаяпти? Қачондан аёлини, онасини, опасини, синглисини четга жўнатиб пулини виждонсизларча ишлатиб ўтириш оддий ҳолга айланди?

Бир пайтлар эркаклар аёлини Ўзбекистонга ташлаб, йиллаб четда юришини ҳам ҳазм қила олмайдиган миллат эдик. Энди бўлса, тескарисига ҳам кўникишимиз керакми? Асло.

Болалигимда, бир қўшнимизнинг ўғли янги уйланган эди. Отасига «Россияга кетаман», деганини эшитиб қолган эдим. Шунда отаси: «Россияга кетсанг кетаверкуя, хотинингни кимга ташлаб кетасан?» деган эди. Бояги йигит Россия ҳақида бошқа гап очмаган эди. Қисқа муддатга ёки бирга олиб кетишда муаммо йўқ. Аммо, оила институтига бунақа путур етказмайлик, барака топгурлар.

Баҳодир Искандаров

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият