17:29 / 25.02.2025
112

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди
Фото: Telegram / Бекзод Ҳидоятов
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф 25 февраль куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Уни Тошкент халқаро аэропортида бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди. Қисқа суҳбатдан сўнг, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Абдулла Арипов ҳамроҳлигида «Янги Ўзбекистон» боғига борди ва Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.

Меҳмонга мажмуанинг меъморий ечимлари ҳамда композициясининг мазмун-моҳияти ва хусусиятлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Мажмуа Покистон делегациясида чуқур таассурот қолдирди.

Ташрифдан мақсад нима?

Шаҳбоз Шариф президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан ташриф буюрди. Бўлажак олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон—Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, транспорт боғлиқлигини кучайтириш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, енгил ва чарм саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш борасидаги қўшма режалар диққат марказида бўлади. Маданий-гуманитар ва туризм алоқаларини фаоллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Саммит якунида қўшма декларация ва қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида етакчилар Ўзбекистон—Покистон қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият