
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлиллари йил бошидан кўчмас мулк бозори ўз мавқейини мустаҳкамлаётганини кўрсатди.
Январ ойидан кўчмас мулк бозорида фаоллик тикланаётганини кузатиш мумкин. Мазкур ойда олди-сотди шартномалари сони 25,5 мингтани ташкил этиб, ўтган йил январ ойига нисбатан 17,4 фоизга кўпайган.

Ҳудудий динамика
Йил бошидан кўчмас мулк олди-сотди динамикаси айрим ҳудудларида ижобий тенденцияни кўрсатди. Энг сезиларли ўсиш Жиззах вилоятида қайд этилиб, сотувлар 44 фоизга ошган, шунингдек, Навоий вилоятида 36 фоизга ўсган.
Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозори умумий ҳажмининг 28 фоизини ташкил этиб, битимлар сони 18 фоизга ўсган.
Иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари
Январ ойида республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари ўртача 0,3 фоизга ошиб, ўтган йилга нисбатан 4,6 фоизга ўсди.
Йиллик ҳисобда ҳудудлар кесимида уй-жой нархларининг юқори ўсиши Сурхондарё (11,4 фоиз), Жиззах (10,4 фоиз) ва Фарғона (8,4 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Январ ойида Тошкент шаҳрида ўртача уй-жой нархи деярли ўзгармаган. Пойтахт туманлари кесимида нархлар пасайиши Сергели (- 1,8 фоиз), Юнусобод ( - 1,7 фоиз) ва Мирзо-Улуғбекда ( – 1,5 фоиз) қайд этилган.
Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳрида уй-жой нархи 2,3 фоизга пасайган.
Уй-жой ижара бозори
Январ ойида Тошкент шаҳридаги ижара бозорида фаоллик бироз пасайган. Ўртача ижара нархи 8,1 долларни (бир квадрат метр учун) ташкил этди.
Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10 долларни ташкил этади.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ижара нархи ўтган йилга нисбатан 10,7 фоизга пасайган. Энг катта пасайиш Чилонзор (17,4 фоиз), Олмазор (16,7 фоиз) ва Яшнобод (14,3 фоиз) туманларида қайд этилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар