
Ижтимоий тармоқларда 22 ёшли актриса Сабрина Жабборова Озода Нурсаидованинг “Дилбарим” клипи суратга олиш жараёнида автомобиль уриб кетиши оқибатида ногиронга айлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат интернет фойдаланувчиларининг кенг муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Аслида воқеа қандай юз берган эди? “Дарё” клипни суратга олган ижодий гуруҳ билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритди.
Воқеа аслида қандай бўлганди?
Бахтсиз ҳодиса 2024 йилнинг 7 ноябрь куни рўй берган. Клипда суратга тушаётган вояга етмаган қиз Севинч Маъруфовна “Гелендваген” русумли автомобилни бошқариб, бошқа бир актриса – Сабрина Жабборовани босиб кетган. Оқибатда ногирон бўлиб қолган Сабрина оёққа туришига ёрдам сўраганида, фақат қуруқ ваъдалар ва таҳдидларни олганини ёзиб, жамоатчиликка мурожаат қилди.

Фото: Видеодан скриншот
“9 соатлик операция ва 7 см қисқарган оёқ”
Сабринанинг сўзларига кўра, Mercedes-Benz G-класс (“Гелендваген”) бошқарувида вояга етмаган бошқа актриса С.М. бўлган. У ҳам клипда суратга тушган.
— Вояга етмаган актриса оператор ва режиссёр Шуҳрат Мавлоновнинг кўрсатмаси билан газ педалини босган, бироқ ўша пайтда машина бошқарувини йўқотган. Машинанинг ғилдираклари Сабрина устидан икки марта ўтиб кетди: олдинги ғилдираги бутунлай унинг устидан ўтган, орқа ғилдираги эса қизнинг устида айланиб кетган. Воқеа натижасида Сабринанинг тос суяги синган, бошқа аъзолари оғир жароҳат олган”, дейилади Жабборованинг Instagramдаги саҳифасида қолдирилган маълумотда.

Фото: Instagram / @cosmos.сж
Жабрланувчи акртиса ва модел Сабрина Жабборова
Жабрланувчига биринчи ёрдам вақтида кўрсатилмагани натижасида кўп қон йўқотган. Кейин уни 4-сонли касалхонага олиб боришган, 9 соатлик операциядан сўнг беморнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Бироқ жарроҳлик амалиёти нотўғри бажарилгани натижасида, унинг чап оёғи ўнг оёғидан 7 см узунроқ бўлиб, қиз ногиронга айланди.
Айни вақтда, шифокорлар қизнинг саломатлигини тиклаш учун унинг тос суягини синдириб, суякларни тўғрилаш кераклиги, бундай операциялар жуда камдан кам ҳолатларда муваффақиятли ўтишини айтган.

Фото: Instagram / @cosmos.сж
Жабрланувчи акртиса ва модел Сабрина Жабборова
Унинг сўзларига кўра, суратга олиш ташкилотчилари ва бошқа айбдор шахслар жабрланувчига етарлича ёрдам кўрсатмаган. Фақатгина 4 ой давомида фильмни суратга олишда техник қоидаларни бузганлиги учун жарима сифатида 500 доллар тўлаб турган.
“Жабрланувчининг онаси Сабринанинг оёққа туришига ёрдам сўраганида, у фақат қуруқ ваъдалар ва таҳдидларни олган. Унга воқеа бўйича материаллар интернетда тарқатилса, жабрланувчига ёрдам бутунлай тўхтатилиши айтилган”, дейилади мурожаатда.
“Мен режиссёр бўлмаганман, туҳмат қилишяпти”
Ижтимоий тармоқларда клип режиссёри дея тилга олинаётган Шуҳрат Мавлонов билан боғландик. У бу гаплардан қаттиқ ранжигани, чунки қизни машинага ўтиришга у буйруқ бермагани ҳақида гапирди.

Фото: Instagram / @mavlonovproduction_official
— Аслида бу қиз массовка (Сабрина Жабборовани назарда тутди) бўлиб келган. Уни кўрганим йўқ, чунки ман ҳам сёмкага режиссёр эмас, шунчаки оператор сифатида чақирилганман. Уни (Севинч Маъруфовна) машинага ўтқазган Аҳад Қаюм бўлади. Менинг вазифам “мотор, стоп ва олинди” дейиш. Бу нарсаларни кимдир уюштиряпти. Эшитишимга қараганда, мақсад бошқа уй машина олиб бериш ҳақида гаплар бўлган эмиш. Мен клипда режиссёр бўлмаганман, операторман. Менга нисбатан туҳмат бўляпти. Ҳали ҳаммаси қонун олдида жавоб беради, деди Шуҳрат Мавлонов.
Режиссёр: “Бахтсиз воқеага гувоҳ бўлмаганман”
Шоу-бизнес вакиллари орасида яхшигина машҳурликка эришган “Ражабов” студияси раҳбари Дониёр Ражабов билан ҳам боғландик.

Фото: Instagram /@doniyor_radjabovofficial
— Клип сёмкаси уч кунга белгиланганди. Икки кунлик суратга олиш ишларининг бошида ўзим бўлдим, аммо учинчи кун айнан бахтсиз воқеа содир этилган вақтда боролмадим. Чунки ўша куни тўйга боришим керак эди. Бахтсиз воқеага гувоҳ бўлмаганман, у қизга ҳам қийин, аммо нотўғри маълумотлар тарқатилмоқда, дейди Дониёр Ражабов.
Ижтимоий тармоқларда вазият бўйича кескин қораланаётган Озода Нурсаидованинг бу борадаги фикрларини ҳам билишга қизиқдик. Аммо у билан боғланишнинг имкони бўлмади. Сўнг хонанданинг маъмури Дилмурод Сатторов билан телефон орқали суҳбатлашдик.
— Озода Нурсаидова клип буюртмачиси, у суратга олиш майдончасида иштирок этмаган. Сценарийда қизнинг машина саҳнаси йўқ эди, у шунчаки машинадан тушиб келиши керак эди. У нега рулга ўтирган ва нега сценарий ўзгарган менга қоронғи. Бахтсиз воқеа содир бўлганидан кейин у ерга етиб бордим ва тез ёрдам машинасида уни касалхонага олиб бордик. Айрим блогерлар айтганидек, қизга эътиборсиз бўлинмаган. Чунки у тиббиёт институти ҳудудида олинган, тез ёрдам келгунига қадар ҳам қизга ёрдам кўрсатилган. Кейин 3 литр қон йўқотди, деган гаплар ҳам ёлғон. Операциянинг якунлангунига қадар ҳаммамиз ўша ерда бўлдик, ҳатто рулдаги қиз ҳам ота-онаси билан ўша ерда эди. Озода Нурсаидова “Ёрдам берамиз, ёш қиз экан, оёққа туриб кетиши керак”, деди. Ижодий гуруҳ ҳам қараб тургани йўқ. Шароити йўқ ижара уйда тураркан, каравот, телевизор каби керакли буюмларни олдик. Ҳар ой ижара пулига қўшиб, харажатлари учун ҳам пул етказиб турибмиз.
Унинг тос суюги синган ва у битиб кетиши учун 3 ой ўтирмаслик ва ҳаракатланмаслик керак, дейишганди. Аммо қизнинг онаси Сурхондарёга бориб келамиз деб сёмкага ҳам чиқиб келибди. Билишимча ўша ерда йиқилиб тушибди ва тос суягига ўрнатилган темир жойидан силжиган. “Энди оёқ калта бўлиб қолган, қайта операция дейишяпти”, деган онаси.
Мен у оила билан доимий алоқадаман, уларни ҳеч ким ташлаб қўйгани йўқ. Фақат орада кимлардир уларнинг фикрини ўзгартирди. Атрофидаги дўстлари менга уй сотиб олиш ҳақида ишора қилишди. Майли ҳаммаси бўлар, қайта операция ҳам ўтказилар, аввал тергов якунланиб, суд ҳукми ўқилсин дедим. Бошқа ижодкорларга ҳам шундай талаблар бўлган.
Шахсан менда оилага ёрдам қилингани ҳақида далиллар бор, айрим блогерлар қоралашдан аввал биз билан ҳам гаплашишсин, дейди Дониёр Сатторов.
Аҳад Қаюм негадир жим?
Қизларни суратга олиш майдончасига шоир ва режиссёр сифатида танилган Аҳад Қаюм таклиф этгани ва айнан вояга етмаган актрисани машина рулига ўтқизишга у буйруқ бергани ҳақида айтишди. Аммо кўплаб уринишларимиз ҳам самара бермади, у билан боғлана олмадик.
Ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди, йўқотилган соғлиқ ўрнини топиш ҳам мушкул. Қизнинг бир неча ойдан буён тўшакка михлангани ва бир оёғи иккинчисидан калта бўлиб қолгани ҳам айни ҳақиқат. Воқеаларни кузатишда давом этамиз ва адолатли ечимни кутамиз. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар