
Ёғли ва калорияли овқат истеъмол қилинганда мия қонга допамин ажратади. Бу – хурсандчилик учун муҳим гармон. Қувончни такрорлаш учун одамлар қайта-қайта ёғли овқатларни сотиб олишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, ёғли овқатларни яхши кўриш инсоният эволуцияси билан ҳам боғлиқ.
Қовурилган картошка, гўштли шўрва, музқаймоқ, қуймоқ ва пишириқлар болаликдан бери кўпчиликнинг менюси бошидан ўрин олган. Бунга сабаб нима, нега одамлар ёғли овқатларни кўпроқ яхши кўради? Бу саволга шифокор-эндокринолог ва нутрициолог Даря Хайкина “Gazeta.ru”га берган интервюсида жавоб берган.
“Энг севимли таомингизни эсланг. Балки у ёғи оқиб турган бургердир ёки ҳиди димоқни қитиқлайдиган пицца ёки яна бошқа нарса бўлиши мумкин. Ҳозир ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Кайфиятингиз кўтарилдими, ичингизда ҳузур ва енгиллик сездингизми? Гап шундаки, ёғли ва калорияли овқат истеъмол қилганингизда, миянгиз қонга допамин ажратади – бу завқ учун жавоб берувчи нейромедиато. Допамин айнан ўша лаззат ҳиссини яратади ва бизни бу ҳаракатни қайта-қайта такрорлашга ундайди. Шу орқали ёғларга боғлиқлик шаклланади”, – деб тушунтирган Хайкина.
Унинг сўзларига кўра, бу жараён эволюция билан боғлиқ. Аждодларимиз қаттиқ шароитларда яшагани сабаб уларга кўп энергия зарур бўлган. Энергия эса калориядан олинади. Шу тариқа аждодларимиз ёғли ва калорияли маҳсулотларни афзал кўрган.
“Минг йиллар давомида шаклланган эволюция бизга ҳам ўтган. Миямизда “ёғли таомни излаш керак” деган фикр сингиб қолган. Ёғли маҳсулотни кўрганимизда мия бутун организмга ҳамма нарса жойида, ҳаётни сақлаб қолиш учун етарли калория топилди, деган сигнал юборади”, – дея тушунтирган мутахассис.
Шунингдек, у илмий тадқиқотларга асосланиб, инсон мияси ёғли таомларнинг таъми билан бирга, уларнинг калориялилигини ҳам эслаб қолишини айтади. Инсон ўта калорияли таом истеъмол қилганида, мия ўша таомнинг таъми ва энергияси ўртасида кучли боғлиқлик яратади. Бу эса одатга айланади ва вақт ўтиши билан таом танлашга таъсир қилади.
“Допамин билан боғлиқ кучли стимуляциядан ташқари, ёғлар лаззатни сезиларли даражада кучайтирувчи омилдир. Ёғ тил ва оғиздаги рецепторларни фаоллаштириб, таъмини янада мазали қилади. Натижада, биз овқатдан анча кўпроқ завқ оламиз. Бундан ташқари, маданий омиллар ҳам муҳим рол ўйнайди. Славян ошхонаси тарихан қаймоқ, дудланган ёғ (сало), сариёғ каби ёғли овқатларга бой. Бу лаззатлар болаликдан шаклланиб, бутун умр давомида овқатланиш одатларимизга таъсир қилади”, – деб қўшимча қилган нутрициолог.
Шифокор ёғли таомларга бўлган иштиёқни қандай назорат қилиш ҳақида гапирар экан, ёғларни бутунлай чиқариб ташлаш нотўғри эканлигини эслатди. Чунки улар организмнинг нормал ишлаши, жумладан, гормонлар синтези ва мия саломатлиги учун зарур.
“Эътиборни фойдали ёғларга қаратинг: балиқ, ёнғоқ, авокадо, зайтун мойи. Трансёғлар ва тўйинган ёғлар миқдорини камайтиринг (тезпишар фаст фудлар, дўкондаги пишириқлар). Ёғларни оқсил ва толалар билан бирлаштиришга ҳаракат қилинг – бу иштаҳани камайтиради ва ортиқча овқатланишнинг олдини олади”, – деган у.
Фото: Depositphotos
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар