date
views 158

Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташриф буюрди
Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 15 апрель куни Андижон вилоятига келди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, давлат раҳбари дастлаб Андижон халқаро аэропортини модернизациялаш ишларининг бориши билан танишди. Бу аэропорт 1978 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги талабларга мос келмай қолган эди. Учиш-қўниш йўлагининг юк кўтариш қобилияти пастлиги, замонавий ёритиш тизимининг йўқлиги сабабли қатновларни қабул қилиш имкониятлари чекланганди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Бугунги кунда реконструкция ишларининг биринчи босқичи битказилди. Узунлиги 3 минг 300 метр, кенглиги 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаги ва самолётлар тўхташ жойи қурилди. Дренаж тизими янгиланиб, ерости суви қочирилди. Шунингдек, бу ерда иккинчи юриш йўлаги қурилиши давом эттирилиб, IKАО CАТ-II тоифасидаги радар, метеорология ва ёритиш ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Натижада Boeing, Airbus русумидаги йирик самолётларни ҳам, ноқулай об-ҳаво шароити ва тунги вақтларда ҳам қабул қилиш мумкин бўлади. Бу кунлик парвозлар сонини 10 баробаргача ошириш имконини беради.

Энди, иккинчи босқичда йўловчи терминалини янгидан қуриш кўзда тутилган. Бу орқали йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига аввалги 300 тадан 1000 тага, парвозлар сони йилига 584 тадан 3 минг 700 тага ортади. Бу Андижон шаҳри ва Фарғона водийсига қатновлар сонини кўпайтиришга хизмат қилади.

Фаолиятини қайта бошлаган мазкур аэропортда ҳозирда Тошкент—Андижон—Тошкент йўналиши бўйича парвозлар амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари бу ерда самарали бошқарувни йўлга қўйиш, хизматларни арзон қилиб, маҳаллий ва халқаро парвозларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Андижон халқаро аэропорти 2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб аэродром қопламаси реконструкция қилиниши туфайли авиапарвозлар учун вақтинча ёпилганди. Аэропортнинг мавжуд учиш-қўниш йўлаги узунлиги 2985 метр ва эни 44 метр бўлиб, йўл қопламасининг юк кўтариш қобилияти пастлиги, шунингдек, замонавий ёритиш тизимининг йўқлиги сабабли кўплаб турдаги самолётларни қабул қилишда ва тунда фаолият олиб боришда чекловлар мавжуд эди. Аэропорт 20 март куни очилди. Биринчи рейс Тошкент—​​Андижон—Тошкент йўналиши бўйича амалга оширилди.

Президент матбуот котибининг маълум қилишича, ташриф давомида янги корхоналар фаолияти, саноат, энергетика, шаҳарсозлик ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, жойлардаги қурилиш ва бунёдкорликни кўздан кечириш режалаштирилган.

Шунингдек, давлат раҳбари ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказади.

Шавкат Мирзиёев бундан аввал 2024 йилнинг 15—16 февраль кунлари Андижон вилоятига ташриф буюрганди. Унда кўплаб лойиҳалар билан танишиб, вилоятда олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташриф буюрди