
Андижон вилоятида хорижий давлатга ишга жўнатишни баҳона қилиб, фуқародан катта миқдорда пул талаб қилган навбатдаги фирибгарлик ҳолати фош этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Пахтаобод тумани бўлими ходимлари ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда махсус тезкор тадбирни муваффақиятли ўтказган.
Тадбир давомида Андижонлик фуқаро Х.М. Пахтаобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро О.Н.нинг ишончига кириб, унинг хорижда ишлаб катта даромад топиш истагидан фойдаланган. У гўёки Канада давлатининг Ўзбекистондаги элчихонасида танишлари борлигини таъкидлаб, ушбу алоқалар орқали О.Н.ни қисқа муддат ичида юқори маошли иш билан таъминлашни ваъда қилган.
Шунингдек, бу “хизмат” учун у 3 минг АҚШ доллари талаб қилган. О.Н. эса бунга ишониб, талаб қилинган пулни фирибгарга топширган пайтда, тезкор тадбир иштирокчилари уни қўлга олишган. Ходимлар фуқаро Х.М.ни пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан бирга ушлаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар аҳолига мурожаат қилиб, шундай ҳолатларга дуч келганда эҳтиёткорлик билан иш тутишга, ишончсиз таклифларга алданмасликка чақирмоқда. Хорижга ишга жойлашиш истагида бўлган фуқароларга эса, фақат қонуний ва ишончли ташкилотлар орқали ҳаракат қилиш тавсия этилмоқда.
Шунингдек, шубҳали ҳолатлар кузатилганда зудлик билан тегишли органларга мурожаат қилиш лозимлиги эслатиб ўтилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар